Кутубхона — тил ва маънавият бешиги
Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро вилоят ахборот-кутубхона марказида она тилимизнинг нуфузини юксалтириш, унинг бой тарихи ва имкониятларини кенг тарғиб этиш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Марказда мунтазам ташкил этилаётган маънавий-маърифий тадбирлар, китоб кўргазмалари, адабий учрашувлар ва давра суҳбатлари ўзбек тилига бўлган ҳурматни мустаҳкамлаш, миллий адабий меросимизни кенг тарғиб этиш ҳамда ёшларни мутолаага жалб қилишга хизмат қилмоқда.
Хусусан, адабий-мусиқий кечалар, маърифий мулоқотлар, турли викториналар ва “Миллий диктант” акциялари орқали иштирокчиларнинг ўзбек тили имлоси, адабий тил меъёрлари ва нутқ маданиятига оид билимларини мустаҳкамлашга эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, ҳарбий хизматчилар ўртасида “Она тилим — фахрим, Ватаним — ғурурим” мавзусида иншолар танлови, китобхонликни оммалаштириш ва маънавий саводхонликни оширишга қаратилган тадбирлар ташкил этилмоқда.
Кутубхона хизматларини аҳолининг кенг қатламларига етказиш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Кўчма кутубхона” лойиҳаси доирасида таълим муассасалари ва чекка ҳудудларда маърифий учрашувлар ўтказилиб, китоблар ҳамда даврий нашрлар тарғиб қилинмоқда. Бу эса кутубхона хизматларидан фойдаланиш имконияти чекланган ҳудудларда мутолаа маданиятини ривожлантириш, ёшларнинг китобга бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилмоқда.
Бугунги рақамлаштириш жараёнида марказда замонавий ахборот-кутубхона хизматларини кенгайтириш, ўзбек тилидаги адабиётларни электрон шаклга ўтказиш ва улардан масофадан фойдаланиш имкониятларини яхшилашга ҳам эътибор қаратилмоқда. Электрон ресурслар ва ўқув заллари орқали фойдаланувчилар бадиий, илмий ва маърифий адабиётлар, турли ахборот манбаларидан фойдаланиш имкониятига эга.
Шу билан бирга, ахборот-библиографик хизматларни такомиллаштириш, китоб фондини бойитиш, мавжуд адабиётларнинг мазмун-моҳиятини китобхонларга етказиш ҳамда уларнинг мустақил билим олишига кўмаклашиш марказ фаолиятининг муҳим йўналишларидан ҳисобланади.
[gallery-32255]
Она тилимизга эҳтиромни кучайтириш, миллий адабий меросимизни асраб-авайлаш ва китобхонликни оммалаштириш йўлидаги бу каби саъй-ҳаракатлар кутубхонанинг маънавий-маърифий ҳаётдаги ўрнини янада мустаҳкамламоқда.
Зеро, кутубхона нафақат китоблар сақланадиган маскан, балки билим, маърифат ва тафаккурни юксалтиришга хизмат қиладиган маънавият даргоҳидир.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА