Курсдошини чув туширган талабалар қўлга тушди
Бухоро вилояти Пешку туманида яшовчи фуқаро А.Г. ариза билан мурожаат қилади. Бу ҳақида Киберхавфсизлик маркази матбуот хизмати хабар берди.
Фуқаронинг аризасида телеграм мессенжери орқали номаълум фойдаланувчи унга алоқага чиқиб, онлайн ўйинлардан доимий равишда фойдаланиб келганлиги учун ютуқли маблағ совриндори бўлганлигини, пулларни қабул қилиб олиш учун кўрсатилган ҳаволага ўтиб пулларни олишини айтганлиги, сўнг у берган ҳаволага банк карта маълумотларини киритганлиги, кейин эса банк картасидаги 11 миллион 450 минг сўм пуллари номаълум равишда ечиб олинганлигини билдирган. Номаълум шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида пулларни ўзлаштирган шахслар курсдош талабалар яъни Навоий вилояти Қизилтепа туманида яшовчи Н.Н., Навоий шаҳрида яшовчи Х.Х. ва Бухоро вилояти Олот туманида яшовчи С.Х. эканлиги аниқланган.
Уларга нисбатан ЎзР. ЖКнинг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган. Жиноий гуруҳни қўлга олиш жараёнида 1 дона ноутбук, 7 дона хорижий давлатларнинг алоқа операторлари сим-карталари, 3 дона мобил алоқа воситаси, 2 дона электрон ҳамёнлар ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.
Зариф Комилов,
ЎзА