Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида “Темур тузукларининг шахсий таркибни тарбиялашдаги маънавий-ахлоқий аҳамияти” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир давомида буюк давлат арбоби Амир Темур томонидан яратилган “Темур тузуклари” асарининг тарихий аҳамияти, унда илгари сурилган адолат, жасорат, интизом, ватанпарварлик каби фазилатларнинг бугунги ёшлар тарбиясидаги ўрни ҳақида атрофлича фикр юритилди.

Ўзбекистон халқ артисти Теша Мўминов ўз чиқишида Темур тузукларининг замонавий ҳаётда, айниқса, ҳарбий хизматчилар учун муҳим ўрнак эканини таъкидлади. Шунингдек, у ёшларни маънавий жиҳатдан етук, Ватанимизга садоқатли бўлишга даъват этди.

Тадбир доирасида Академияда аъло баҳоларга ўқиб, сафдошларига ўрнак бўлиб келаётган 4 нафар иқтидорли курсантга Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг "Амир-Темур" номидаги давлат стипендияси ва фахрий ёрлиқлари топширилди.

Гулноза Бобоева, ЎзА