Курсантлар ватанга қасамёд қилди
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида биринчи босқич курсантларининг қасамёд қабул қилиш тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси бошлиғи, генерал-полковник Қобул Бердиев очиб берди. “Ватанга қасамёд” тантанали тадбири курсантлар учун фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотиш билан бир қаторда, улкан масъулият ва танлаган касбига умрбод содиқликни ҳам талаб этишини таъкидлади.

Шунингдек, табиий ва техноген тусдаги офатлар билан курашиб, ўз жонларини хатарда қолдириб, кўплаб инсонларнинг ҳаёти, мол-мулкларини сақлаб қолиш – беқиёс инсоний фазилат ва энг шарафли хизмат эканлиги эътироф этилди.

– Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Шаҳрисабз “Темурбеклар мактаби”ни муваффиқиятли тамомлаб, вазирлик Академиясига ўқишга кирганимдан бағоятда хурсандман, – дейди курсант Хумоюн Ҳусанов. –Бугунги кун ҳаётимдаги энг унутилмас кунлардан биридир. Ғурур, садоқат ва ориятни энг олий қадрият, деб биладиган йигит учун бу шунчаки расмий тадбир эмас, балки йигитлик шаъни, ор-номусини ўртага қўйиб, ўз зиммасидаги масъулиятли ҳамда шарафли бурчни адо этишга бел боғлаш, аҳд-паймон қилиш маросимидир.

– Академияда чуқур билим олиш билан биргаликда, ватанимиз ва халқимизга сидқидилдан хизмат қилиб, мамлакатимиз равнақини оширишга, Президентимизнинг биз ёшларга билдираётган юксак ишончларини оқлашга аҳд қилганман, – дейди биринчи босқич курсанти Дониёр Шоймуродов. – Академиянинг курсанти бўлишдек бахтга муяссар бўлиш билан бирга, барча сафдошларим билан илк маротаба она Ватанимга қасамёд қилганимдан фахрланаман.
Гулноза Бобоева,
ЎзА