Курашнинг ривожида илмий асослар муҳим
Ўзбекистон кураш федерациясида жамоатчилик асосида фаолият юритадиган Илмий кенгаш тузиш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилиш давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 ноябрдаги “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Кураш усуллари”, “Кураш техникаси ва ўқитиш методикаси”, “Янги ўрганувчилар учун кураш”, “Кураш ҳамма учун”, “Кураш усулларини ўқитиш методикаси” номли ўқув-услубий қўлланмалар тайёрлаш ва чоп этиш масалалари кўриб чиқилди.

Муҳокамалар давомида бугунги кунда мамлакатимизда кураш спорт тури билан шуғулланувчи ёшлар сафи йилдан йилга кўпаяётгани, “Беш ташаббус олимпиадаси” мусобақаларининг ҳудудларда уюшқоқлик билан ўтказилиши натижасида маҳоратли спортчиларни тайёрлаш, танлаш, йўналтириш, зарур ўқув-қўлланмалар, услубий адабиётларга эҳтиёж ортиб бораётгани таъкидланди.

Спорт соҳаси олимлари курашнинг оммавийлигини ошириш, унинг техник-тактик усулларини билиш қамровини кенгайтириш бўйича ечимини кутаётган муаммоларни бартараф қилиш юзасидан таклифлар билдирди.
Ўқув-услубий қўлланмалар тайёрлаш мезонларини ишлаб чиқиш, замон талабларига мос равишда танлов эълон қилиш ва энг яхши ўқув-услубий қўлланма муаллифларини моддий ва маънавий рағбатлантириш таклифи илгари сурилди.
Йиғилишда Илмий кенгаш раиси, ўринбосари ва аъзолари таркиби сайлаб олинди.
Т.Рўзиев,
ЎзА