Курашчи қизларимиз Осиё чемпионатида учинчи ўринни эгаллади
Вакилларимиз Осиё чемпионатида 6 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 3-ўриндан жой олди
Таиланднинг Паттайя шаҳрида спорт курашлари бўйича ўсмирлар (U15) ўртасидаги Осиё чемпионати давом этмоқда.
Мусобақанинг навбатдаги куни доирасида аёллар кураши бўйича беллашувлар якунланди. Қувонарлиси, мазкур қитъа биринчилигида Ўзбекистон қизлар терма жамоаси муваффақиятли иштирок этиб, юқори натижаларни қайд этди.
Муросасиз кечган беллашувлар якунига кўра, мазкур ёш тоифасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари умумжамоа ҳисобида Япония ва Ҳиндистон вакилларидан кейин фахрли 3-ўринни эгаллади.
Осиё чемпионатида полвонларимиздан Мадина Носирова (-33 кг), Муслима Ҳожиматова (-46 кг), Сабрина Абдреймова (-54 кг) ҳамда Мадинахон Холиқова (-58 кг) кумуш медалга сазовор бўлди. Бундан ташқари, ўз вазн тоифаларида муваффақиятли қатнашган Сарвиноз Раҳимжонова (-39 кг) ҳамда Дилшода Давронбекова (-62 кг) терма жамоамиз ҳисобига бронза медалларни келтирди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА