Кураш: “Ёзги Осиё ўйинларига йўл” халқаро машғулотлардан бошланади
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида Халқаро кураш ассоциацияси билан ҳамкорликда “Ёзги Осиё ўйинларига йўл” дастури доирасида халқаро тоифадаги кураш ҳакамлари учун ўқув-машғулот йиғини ўз ишини бошлади.
Халқаро ўқув-машғулот йиғинида Ҳиндистон, Жанубий Корея, Италия, Тайван, Индонезия, Хитой Тайпейи ва бошқа 10 дан ортиқ давлатдан тажрибали кураш мутахассислари иштирок этмоқда.
Тадбирнинг очилиш маросимида иштирок этган Халқаро кураш институти ректори Ҳабибулла Тожиев, Халқаро кураш ассоциацияси бош котиби Ризо Нассири, IKA техник директори Рави Капур, IKA экспертлари Ким Эуржунг, Ўзбекистон кураш федерацияси ҳакамлар ҳайъати раиси Ҳикмат Қуртов ва бошқалар Япониянинг Аичи-Нагоя шаҳрида ўтказиладиган Осиё ўйинлари ўтадиган кураш мусобақаларининг техник жиҳатлари, унда ҳакам ва техник қўмита вакилларининг роли хусусида сўзлаб, амалий ва назарий машғулотлар мундарижаси билан иштирокчиларни таништирди.

Жорий йилнинг 22 августига қадар давом этадиган назарий ва амалий ўқув-машғулотлар давомида мутахассислар, ҳакамлар кураш спорт турининг қонун-қоидалари, баҳолаш мезонлари ва спортчиларнинг тарозидан ўтиш тартиби, қуръа ташлаш жараёнлари, курашчиларнинг гиламдаги ҳаракатини назорат қилиш тамойиллари хусусидаги билимларини оширади.
Эслатиб ўтамиз, XX ёзги Осиё ўйинлари 19 сентябрь-4 октябрь кунлари Япониянинг Аичи-Нагоя шаҳрида бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев, ЎзА