Кураш: мамлакат чемпионлари аниқланди
Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасида миллий спортимиз кураш бўйича U-13 ёш тоифасида кичик ўсмирлар ва қизлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионати ёш авлод вакилларига чинакам спорт байрамини туҳфа этди.
Гуллар шаҳрида уч кун давомида ўтган беллашувларда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан келган 300 нафарга яқин курашчи ёшлар 20 та вазн тоифасида мамлакат чемпионлиги учун баҳслашди.

Беллашувларда иштирок этган Ўзбекистон кураш федерацияси мутасаддилари уч минг йиллик тарихга эга Ўзбек миллий кураши босқичма-босқич нуфузли спорт ўйинлари тизимидан мустаҳкам жой олаётгани, жорий йилнинг 22-31 октябрь кунлари Баҳрайн давлатида ўтадиган ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари дастурига киритилганлиги билан барчани муборакбод этди.

Жозибали кураш усулларига бой кечган беллашувлар сарҳисобига кўра, қизлар ўртасида Гулёра Эргашова, Меҳрибону Усупова, Фарангиз Эшназарова, Дилнура Жабборова, Нилуфар Норбўтаева каби ёшлар шоҳсупанинг юқори поғонасига кўтарилди. Ўғил болалар орасида Мироншох Рўзиев, Самар Саъдинов, Муҳаммадали Уралов, Мирсаид Файзуллаев сингари маҳоратли курашчилар Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди.

Ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22-31 октябрь кунлари Баҳрайнда бўладиган ўсмирлар ўртасидаги Осиё ўйинларида 4 та вазн тоифасида мусобақалар ташкил этилади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА.