Кураш: Жаҳон чемпионатининг рамзи эълон қилинди
Бу йил миллий спортимиз кураш бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати Ҳиндистоннинг маданий марказларидан бири бўлган Пуна шаҳрида ташкил этилади.
Тарихи милодий 847 йилга бориб тақаладиган шаҳарда 5 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилади. Денгиз сатҳидан 560 метр баландликда жойлашган бу шаҳар Ҳинд диёридаги Мула ва Мута дарёлари туташган нуқтада жойлашган.
200 га яқин турли тарихий, археологик ва диққатга сазовор жойларга эга Пунада ўтадиган жаҳон чемпионатида қатнашиш учун бугунгача 50 дан зиёд давлат терма жамоалари дастлабки талабномаларни тақдим этди. Чемпионатнинг расмий рамзи эълон қилинди, дея хабар бермоқда Халқаро кураш ассоциацияси матбуот хизмати.
Чемпионат доирасида Халқаро кураш ассоциациясининг 19-конгресси ҳамда кураш ҳакамлари учун семинар ташкил этилади. Конгрессда миллатимиз номи, хур байроғимиз рангларидан жило олган спорт турининг келажакдаги ривожи борасида бир қатор муҳим қарорлар қабул қилинади.
Миллий спортимиз курашнинг халқаро майдондаги оммавийлигини таъминлашда муҳим мусобақа бўлган ушбу чемпионатни юқори савияда ўтказиш борасида ташкилий қўмита ҳамда Ҳиндистон кураш федерацияси томонидан тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, мазкур жаҳон чемпионати жорий йилнинг 23-28 ноябрь кунлари бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев, ЎзА