Ватанимиз тарихидаги 31 октябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1393 йил (бундан 631 йил олдин) – Амир Темур Шайх Баҳлул қабрини зиёрат килди. Шарафуддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида бу қуйидагича қайд этилади: “Андин сўнг давлат била отланиб, шанба кунида, зулҳижжа ойининг йигирма тўртида кўчуб, Шайх Баҳлул мазориға тушти. Ул мазорни тавоф қилиб, руҳи покидин ҳиммат тилаб, амирзода Шоҳрухни манғлай этиб отландурди...”
1724 йил (бундан 300 йил олдин) – тилшунос Б.Эрматовнинг қайд этишича, Лондон опера театри (Қирол мусиқа академияси)да унинг раҳбари Георг Фридрих Гендель қаламига мансуб Соҳибқирон Амир Темур ҳақидаги “Темур” операсининг премьераси бўлиб ўтди.
Никола Гэйм томонидан инглиз тилига ўгирилган пьеса асосидаги либреттони Агостино Пиовене яратган, Гендель эса уч ҳафта ичида, яъни 1724 йилнинг 3–23 июлида 3 пардадан иборат операни ёзиб тугатган. Лондондаги премьерадан сўнг орадан бир йил ўтар-ўтмас – 1725 йили мазкур опера Гамбургда немис тилида (ариялари итальян тилида) қўйилган.
1885 йил (бундан 139 йил олдин) – тонг отишига 40 дақиқа қолганда, Бухоро амири Музаффар Аркда бу дунёдан кўз юмди. Айрим манбалар ва адабиётларда унинг 12 ёки 13 ноябрда, ҳаттоки 12 декабрда вафот этгани қайд этилади. Бироқ “Таржимон” газетасининг 1885 йил 4 ноябрдаги сонида Бухоро амири Музаффарнинг 3 кун олдин вафот этгани ҳақидаги хабар эълон қилинган эди. Биз бу ўринда ўша давр матбуоти расмий хабаридаги маълумотга таяндик.
Тарихчи олима Раҳбар Холиқованинг ёзишича, шу йилнинг августида амир ўз ҳудудини айланиб юрганда Қаршида юқумли безгак касалига чалинади. У ўз йўлини давом эттирмай Бухорога кайтади ва ўзининг шаҳардан ташқаридаги қароргоҳи Ширбудунга келиб, у ерда деярли 2 ой бўлади. Касаллик ўтиб кетди, энди яхши бўлдим деб ўйлаганда, 28 сентябрда касал яна қайтадан хуруж қилади. Амирга яқин бўлган Қарши ва Чоржўй вилоятлари ҳокими Остонақулбий ва Муҳаммадбий Қўшбеги амир аҳволини кўриб, уни Бухородаги Аркка олиб келишни лозим топишади. Бироқ амир вафот этади.
Амир Музаффар Бухородаги Эшон Имло мозорида дафн этилади. У Бухоро тахтида 25 йил хукмронлик қилди. Раҳбар Холиқованинг ёзишича, Амир Музаффарнинг жами 13 ўғли бўлган. Улардан икки нафари амир ҳаётлигида вафот этган. Бир ўғли – Абдумалик тўра отасига қарши қўзғолон кўтаргани учун чет элга кетди. Бир ўғли эса гаров сифатида Россияда доимий истиқомат қилди. Тарих олдида унинг номи доғли бўлиб қолди.
1924 йил (бундан 100 йил олдин) таниқли давлат арбоби Файзулла Хўжаев раислигида Ўзбекистон ССР Муваққат инқилобий қўмитаси (Марказий ревком) ташкил этилди.
1942 йил (бундан 82 йил олдин) – “Правда” газетаси рус ва ўзбек тилларида “Ўзбек халқининг жангчиларига уларнинг эл-юртларидан келган мактуб”ини эълон қилди. Ушбу мактуб барча миллий фронт газеталарида ҳам чоп этилди. Мактубга минглаб кишилар имзо чеккан эди. Бу мактуб орқали ўзбекистонлик ҳарбийлар Иккинчи жаҳон урушида янада юксак жасорат намуналарини кўрсатиб жанг қилишга чақирилди.
1983 йил (бундан 41 йил олдин) – эрталаб соат 5 да Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети биринчи секретари, КПСС Марказий Комитети Сиёсий бюроси аъзолигига номзод Шароф Рашидович Рашидов республикадаги пахта йиғим-теримидаги аҳволни назорат қилиш мақсадида Қорақалпоғистон АССР ва Хоразм вилоятида хизмат сафарида бўлганида, Нукус шаҳридаги ҳукумат қароргоҳида 66 ёшида инфаркт натижасида тўсатдан вафот этди. Бу ҳакдаги расмий маълумот республика газеталарида 1 ноябрда эълон қилинди. Шароф Рашидов қарийб чорак аср давомида (1959–1983 йиллар) Ўзбекистон партия ташкилотига раҳбарлик қилган, ундан аввал 9 йил давомида (1950–1959 йиллар) Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиуми раиси лавозимида ҳам ишлаган эди.
1995 йил (бундан 29 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Қурғоқчилик ва чўлланишга қарши кураш Халқаро конвенциясига қўшилди.
1996 йил (бундан 28 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази тузилди.
1998 йил (бундан 26 йил олдин) – Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома имзоланди. У икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий асоси ҳисобланади.
2008 йил (бундан 16 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Музейлар фаолиятига тааллуқли меъёрий ҳужжатлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2019 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Банк-молия соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади