Ватанимиз тарихидаги 4 ноябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1885 йил (бундан 139 йил олдин) – Кармана ҳокими бўлиб турган Абдулаҳад тўра валиаҳд сифатида Бухоро аркида ок кигизга ўтирғизилиб, шу куни уни тахтга ўтқизиш маросими бўлиб ўтди. Бухоро амири Саййид Абдулаҳад Баҳодирхон 1885 – 1910-йиллар давомида Бухоро амирлигида ҳукмронлик қилди. У 1859 йил 26 мартда (бошқа манбаларда 1857 йил) Карманада туғилган. Унинг онаси амир Музаффарнинг севимли хотини, форс канизаги Шамшот исмли аёл бўлиб, ўз замондошларининг айтишича жуда ақлли аёл бўлган. Абдулаҳад тўра 14 ёшидан бошлаб (баъзи манбаларда 18 ёшдан) Кармана беги этиб тайинланган эди. У билан учрашган рус сайёҳлари уни оддий ҳаёт кечиришини айтиб ўтганлар. Амир Абдулаҳад билимли киши эди. У форс тилида, озгина рус ва араб тилида ҳам гаплашарди.
Тарихчи олима Раҳбар Холиқованинг қайд этишича, амир саёҳат қилишни жуда яхши кўрарди. Унинг даврида қийноқлар, ўлим ҳукми ман этилди. Бухоро жаҳон бозорида қоракўл хомашёсини сотиш бўйича 3-ўринни эгаллади. Бухоро амирлигида милиция хизмати йўлга қўйилди. Абдулаҳадхоннинг хуқмронлик даврида Бухорода уламолар сони 500 дан 150 минг кишига етди. У шеърлар ёзиш билан ҳам шуғулланган. Ўз шеърлари асосида «Девон» тузган амир «Ожиз» тахаллуси билан ижод қилган.
1899 йил (бундан 125 йил олдин) – Тошкент шаҳрида ўлканинг тарихини ўрганишга қизиққан ташаббускор инсонларни бирлаштирувчи Туркистон археология ҳаваскорлари тўгараги аъзолари ўз коллекцияларини Тошкент халқ музейи археология бўлимига топширдилар. Ашёлар орасида 1893 ёки 1894 йилда Қўқон уездининг Сўх қишлоғи фуқаролари томонидан ерга ишлов бериш чоғида топилган ва Г.С.Батиров томонидан Тошкент музейига тортиқ қилинган икки (қўш) илон кўринишидаги тумор-ҳайкалча ҳам бор. Олимлар ушбу нодир топилма бронза даврига оид бўлиб, санаси милоддан аввалги II минг йилликка оид эканини аниқлаганлар.
1943 йил (бундан 81 йил олдин) – Ўзбекистон Фанлар академиясининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унинг биринчи президенти физика-математика фанлари доктори, профессор Тошмуҳаммад Қори-Ниёзий (1897–1970), биринчи вице-президенти Тошмуҳаммад Саримсоқов (1915–1995) ва иккинчиси Виктор Пославский (1896–1979) бўлди.
1957 йил (бундан 67 йил олдин) – Ўрта Осиёдаги энг йирик Ангрен ГРЭСнинг биринчи турбинаси саноат токини етказиб берди.
2020 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Фискал институтни ташкил этиш тўғрисида”, “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.
2021 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “«Ургут» эркин иқтисодий зонаси фаолиятини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2021 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Иқтисодиёт тармоқларида камида беш йил иш стажига эга бўлган фуқароларни сиртқи ва кечки таълим шаклига суҳбат натижаларига кўра табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.
2022 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади