Ватанимиз тарихидаги 7 ноябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1226 йил (бундан 798 йил олдин) – Жалолиддин Мангуберди Аййубийларнинг Ван кўли бўйидаги таянч нуқталаридан бири – Ҳилот қалъасини биринчи марта қамал қилишни бошлади. Ҳилот қамали шу йилнинг 15 декабригача давом этди. Шундан кейин совуқ тушгани, қор ёққани сабабли қамал тўхтатилди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Жалолиддин Ҳилот қалъасини учинчи қамалдан сўнг 1230 йили эгаллашга муваффақ бўлган.
1398 йил (бундан 626 йил олдин) – Амир Темур қўшинлари Батнир (Битнир) қалъасига келди ва уни қамал қилди. Ҳамидулла Дадабоевнинг Шарафуддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарига таяниб ёзишича, Батнир қалъаси Ҳиндистоннинг энг мустаҳкам қўрғонларидан бири бўлиб, унга рожа Дулжин (Дўлчин) ҳокимлик ва кўмондонлик килар эди. Рожанинг қўл остида катта миқдордаги лашкар жам бўлиб, ҳар қандай ташқи ҳужумни бартараф этишга шай турарди.
Қалъанинг мустаҳкамлигидан, кўшиннинг кўп сонлилигидан бамайлихотир бўлган рожа Амир Темурга қарши жанг қилишга қарор беради. Соҳибқирон қўшини ҳам саф тортиб, жанггоҳга қараб йўл олади. Дастлабки ҳамладаёқ қалъа остонасидаги истеҳкомлар қўлга олинади. Аммо, биринчи куни ҳиндларнинг жон-жаҳди билан қаршилик кўрсатиши сабабли қалъани забт этишга муяссар бўлинмайди.
Ҳамидулла Дадабоевнинг қайд этишича, қамалдагиларни осонгина бўйсундириб бўлмаслигини фаҳмлаган Амир Темур, қалъани қамал қилишни, ҳар амир ўз қисми жойлашган позиция – бўлжардан, истеҳком сари ер ости йўли – нақб қазишни амр қилади. Темур аскарлари амалга ошираётган ишни қалъа деворлари устидан ва буржу боруларидан кузатиб турган ҳиндлар қаршилик кўрсатиш бефойда эканини тушуниб етадилар, уларнинг улуғлари Соҳибқирон қошига бўйин эгиб келиб, омонлик беришни илтимос қиладилар.
Амир Темур уларнинг илтимосини қондиради. Рожа Дулжин қалъадан ўз муовини ва ўғлини турли-туман туҳфалар – лочинлар, арабий арғумоқлар, зебу зийнатлар билан Темурбек қароргоҳига жўнатади. Соҳибқирон уларнинг иккаласига зарбоф тўнлар, олтин билан безатилган шамширлар ҳадя этади ва қалъага қайтиб кетишга ижозат беради.
1413 йил (бундан 611 йил олдин) – Ҳиротда машҳур сайёҳ, элчи ва тарихчи Абдураззоқ Самарқандий таваллуд топди (вафоти 1482 йил). Унинг “Самарқандий” тахаллусини олгани отасининг Самарқанд шаҳридан экани ва тарихчининг ўзи ҳам шу шаҳарда ўқиб, анча вақт шу ерда фаолият кўрсатгани билан боғлиқ. Тарихчи ҳақидаги айрим маълумотларни унинг бизгача етиб келган ягона асари “Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн” (“Икки саодатли юлдузнинг чиқиш ва икки денгизнинг қўшилиш жойи”)дан ўқиш мумкин.
Муаллиф мазкур асарни 1467–1470 йиллар орасида ёзиб тугатган бўлса-да, аммо маълумот тўплашни умрининг охиригача давом эттирган. Асарнинг номи: “Икки саодатли юлдузнинг чиқиш ва икки денгизнинг қўшилиш жойи”дан англашилиб турганидек, Абдураззоқ Самарқандий ўз китобини икки жилдга бўлиб тузган. Икки саодатли юлдуз (саъдайн) ва икки денгиз (баҳрайн)дан мақсад кимлар ва қандай тушунчалар экани, бу номда кимлар ва нималарни назарда тутганини Абдураззоқ Самарқандийнинг ўзи баён этмаган.
1414 йил (бундан 610 йил олдин) – шоир, нақшбандийлик тариқатининг йирик вакили Абдураҳмон Жомий дунёга келди (вафоти 1492 йил). Тарихчи Омонулла Бўриевнинг ёзишича, у ўз билимини такомиллаштириш мақсадида йигирма икки ёшида ўша кезлардаги энг йирик илмий марказ саналмиш Самарканд шаҳрига келиб, 1436–1452 йиллар (16 йил) давомида бу ерда билим олган.
Хуросонда Ҳирот тахтига темурий Султон Ҳусайн Бойқаро ўтиргандан сўнг Жомийнинг мамлакатдаги мавқеи жуда ортган, чунки Султон Ҳусайн ва унинг кўп авлодлари ўзларини унга мурид, деб эълон қилганлар. Алишер Навоий ҳам Жомийни ўзига пир деб билган. Гарчи Жомийнинг Навоийдан ёши анча улуғ, расман пир ҳисобланса ҳам, моҳиятан улар чин дўст ва ҳамкор бўлганлар. Навоий берган маълумотга кўра, Жомий туркий тилни яхши билган.
1841 йил (бундан 183 йил олдин) – Қўқон хони Умархон ва Нодирабегимнинг ўғли, отасининг вафотидан кейин ўн етти ёшида тахтга ўтирган, хонликни қарийб ўн тўққиз йил идора этган Мухаммад Алихон ўз укаси Султон Маҳмуд фойдасига тахтдан воз кечди.
1911 йил (бундан 113 йил олдин) – Ўзбекистон халқ артисти Наби Раҳимов дунёга келди (вафоти 1994 йил).
1994 йил (бундан 30 йил олдин) – “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси ташкил этилди.
2002 йил (бундан 22 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент ахборот технологиялари университети фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2016 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида спортнинг гимнастика турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2017 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “«Кураш» миллий спорт турини янада ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2019 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун 9 боб, 56 моддадан иборат.
2022 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Бухоро вилояти умумий ўрта таълим ташкилотларида сув таъминотини барқарор ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади