Кун хабарлари қисқа сатрларда
Гулистон шаҳрида “Давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлашда оммавий ахборот воситалари ва давлат органлари матбуот хизмати ходимлари ҳамкорлигининг аҳамияти” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Гулистон шаҳрида “Давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлашда оммавий ахборот воситалари ва давлат органлари матбуот хизмати ходимлари ҳамкорлигининг аҳамияти” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Семинарда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати, Ўзбекистон Адвокатлар палатаси вилоят бўлими, Президенти Администрацияси ҳузуридаги ахборот ва оммавий коммуникациялар вилоят бошқармаси, маҳаллий ва республика оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбир сўнггида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази Сирдарё вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан ўтказилган мониторинг натижаларига кўра мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси, давлат органлари очиқлиги ва сўз эркинлигини таъминлашда фаоллиги учун бир қатор матбуот хизматлари ва блогерларга фахрий ёрлиқлар тақдим этилди.
***
Гулистон давлат университетида “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” бош ғоя асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида миллий ғояни ривожлантириш концепцияси” лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олий, ўрта махсус, умумий ўрта таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, таниқли олимлар, адабиёт, санъат, маданият йўналишида фаолият олиб бораётган зиёлилар, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари иштирок этди.
Иштирокчилар томонидан Миллий ғоя концепциясини янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
***
Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратурасида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбирда прокуратура бўлим бошлиқлари, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Мажбурий ижро бюроси вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Жорий йилнинг 10 ойи мобайнида ҳудудда қонунлар ижроси бўйича ўтказилган текширишлар натижасига кўра 2 минг 961 та прокурор назорати ҳужжати қўлланилиб, 3 минг 146 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Прокурор протестлари асосида 357 та қонунга зид ҳуқуқий ҳужжатлар бекор қилинди ва 518 таси қонунларга мувофиқлаштирилди. Прокурор текширишлари ва жиноят ишлари тергови давомида етказилган жами 6,5 миллиард сўмлик зарар ихтиёрий ундирилиши таъминланди.
Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси органлари томонидан оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокамага сабаб бўлаётган ҳудуд ва соҳага тегишли ҳолатларни ўрганиб, оммага етказиш мақсадида прокуратуранинг Телеграм канали ишга туширилди. Ушбу канал орқали муносабат билдириб келиниши йўлга қўйилди. Хусусан, матбуот ва интернет тармоқлари орқали ҳудуд ва соҳага алоқадор бўлган 48 та материалга прокуратура органлари томонидан тегишли муносабат билдирилиб, 5 та жиноят иши қўзғатилди ҳамда 3 та маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қарор қабул қилинди.
***
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Қорақалпоғистонда ўтказган сайёр судда 39 нафар шахсни жазони ўташ муддатидан олдин озод қилди. Нукус шаҳрида ўтказилган сайёр қабулда кўплаб фуқароларнинг мурожаатлари ҳам жойида ҳал бўлди.
Нукус шаҳрида ўтказилган сайёр қабулда 173 та фуқаро қабул қилинди. Мурожаатларнинг 72 таси жиноят ишлари, 30 таси фуқаролик ишлар, 63 таси маъмурий ишлар ва 8 таси иқтисодий ишлар бўйичадир.
Жами 173 та мурожаатлардан 28 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 127 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилиб, мурожаатлар қаноатлантирилди.
35 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан назорат тартибида ҳал қилиш учун қабул қилинди, ушбу мурожаатларнинг барчаси қаноатлантирилиб, тегишли судлов хаъйатига кўриб чиқиш учун ўтказилди.
Қабулда муаммолари ҳал бўлган 42 нафар фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ёзма ташаккурнома билдирди.