Кун хабарлари қисқа сатрларда
Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди биносида Олий суд раиси К.Комилов сайёр қабул ўтказди.
Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди биносида Олий суд раиси К.Комилов сайёр қабул ўтказди.
Қабул давомидаги мурожаатларнинг аксариятини фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, суд қароридан норози бўлиш, белгиланган жазони енгиллаштириш, уй-жой, мерос масалалари ташкил этди.
Сайёр қабул жараёнида жами 11 нафар маҳкумга нисбатан суд ҳукми билан тайинланган жазолар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 74-моддаси тартибида инсонпарварлик тамойиллари асосида енгилроқ жазога алмаштирилди. Шунингдек, 8 нафар маҳкумлар ЖКнинг 73-моддаси тартибида суднинг ҳукми билан тайинланган жазолардан муддатидан илгари шартли равишда озод этилди.
Ўтказилган сайёр қабул жараёнида қабул қилинган жами 130 та мурожаат бўйича жами 41 нафар шахснинг мурожаати қаноатлантирилди, 11 нафар шахснинг мурожаати бўйича тушунтиришлар берилди. Шунингдек, бир қатор шахснинг мурожаати ўрганиб чиқиладиган бўлди. Яъни муаммоларни ҳал этиш бўйича тегишли ва мутасадди идоралар вакилларига топшириқ, мурожаат қилувчиларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
***
Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббусни амалга ошириш доирасида Гулистон давлат университетида хотин-қизлар бандлигини таъминлашга кўмаклашувчи “Elegant” ўқув маркази фаолияти йўлга қўйилди.
Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида муассасада таҳсил олаётган талаба-қизларни истакларига кўра, тикувчилик, дизайнерлик, пазандачилик, уй ҳамширалиги каби ўқув курсларига жалб қилиш кўзда тутилган. Бунда ушбу ўқув маркази асосий кўмакчи бўлади.
“Elegant” ўқув маркази махсус ўқув хоналарга эга бўлиб, зарур асбоб-ускуналар, тиббиёт, хўжалик, ошхона жиҳозлари, тикув машинкалари ва барча бошқа ашёлар билан тўлиқ таъминланган.
***
Жиззах вилояти Бахмал туманида “Gulmiraxonim” нодавлат мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди.
Лойиҳа қиймати 3 миллиард 500 миллион сўм бўлган ушбу муассасани ташкил этишда тадбиркор Бобир Файзуллаев ташаббус билан чиқди. Тадбиркор лойиҳага 1 миллиард 150 миллион сўм ўз маблағи ҳамда 2 миллиард 350 миллион сўми банк кредитини йўналтирди.
Шунингдек, яқинда тумандаги Гулбулоқ маҳалласида “Yosh childern” ҳамда Тонготар маҳалласида “Yoshlik ziynati” нодавлат мактабгача таълим муассасалари ҳам ишга туширилди.
***
Жиззах давлат педагогика институти маданият саройида “Қуёшлиқ истасанг касби камол эт” деб номланган маданий-маърифий учрашув ўтказилди.
Талабалар билан учрашувда киноактёр ва дубляж устаси Барно Қодирова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, актёр РихсибойАлиев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, киноактёр Эгамберди Рахимов каби таниқли санъаткор иштирок этди.
Тадбирда ижодкорлар ҳаётий тажрибаларидан келиб чиқиб ёшларга турли алдовларга учмаслик, ёт оқимларга кириб қолмаслик, бебаҳо ёшлик давридан оқилона фойдаланиб, касб маҳоратини пухта эгаллаш, баркамол инсон бўлиб етишиш учун нима қилиш лозимлиги ҳақидаги ҳақидаги фикрларни баён қилди.
Учрашув сўнгида “Қора зарба” ва “Тинчлик ортида” бадиий фильмлари ҳам намойиш этилди.
***
Жиззах шаҳар ички ишлар органлари томонидан ўтказилган “Тун” тадбирида Заргарлик маҳалласида жойлашган ресторанлардан бирида вояга етмаган қиз Ш.М. тунги соат 23:00 дан кейин ёлланиб ишлаётгани аниқланди.
Маълум бўлишича, Ш.М. Тошкент вилояти, Чиноз туманида истиқомат қилади. У ресторан иш бошқарувчиси Ф.А. нинг қўл остида ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар назоратисиз ишлаб келган.
Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.