КУН ФИКРИ: Синовли кунлар сабоғи...
Фаррошлар барака топсин.
“Дом” дегани ғалати жой. Биров бировни танимайди. Қўшнининг қўшни билан иши йўқ. Келину қизларнинг супурги кўтариб, ён атрофни тозалаганини кўрмайсиз.
Фаррошлар барака топсин. Шундай оғир кунларда ҳам ниқобу қўлқоп кийиб, ҳамма жойни чиннидек супуриб тозалашмоқда.
Эрталабдан нон олиш учун дўконга йўл оламан. Ҳамма жой чиннидек озода. Қайтишда не кўз билан кўрайки, дарахт тагига кимдир овқат тўкиб кетган. Беш-олти қадам юраман, йўл четига бошқа биров уйда тайёрланган пишириқ – пирог ташлаб кетган. Ана, дўппи кийган дуппа-дуруст ёши улуғ одам йўл четига ахлат солинган елим халтани шартта отиб, кўздан ғойиб бўлди.
Тавба, одамларга нимадир бўлганми?! Наҳот синовли кунлардан тегишли сабоқ чиқармади айримлар?! Давлат зарур барча шароитни яратиб қўйганида ақалли исрофгарчиликка йўл қўймаслик, кундалик чиқиндиларни белгиланган жойга ташлаш, сабр, шукроналик билан яшаш шунчалар мушкулми?
Уйига халта-халта озиқ-овқат маҳсулоти ташиши нимасию бунақа нонкўрлик нимаси экан?.. Юрт бошига шундай оғир кунлар тушганида камхарж, даромади бундайроқ оила ҳам, етим-есиру кексалар, ёлғизлар, эҳтиёжмандлар, ҳатто тадбиркорларнинг ўзи ҳам эътибордан четда қолгани йўқ.
Бору йўқ имкониятларнинг бариси ишга солинди. Карантиннинг илк кунлари “илик узилди”, ўтган йилги ҳосилнинг тани кўриниб қолган, бу йилги ҳосил ҳали ерга қадалиб улгурилмаган оғир бир шароитга тўғри келса-да, ҳеч ким бир бурда ноннинг ташвишини қилгани йўқ. Дастурхондан нону неъмат узилмади. Бошқа кўплаб ривожланган мамлакатлар каби дўкону маркетлар шип-шийдам қолгани йўқ. Ҳеч ким егулик излаб кўча-кўйда саргардон кезгани йўқ. Одамларнинг онгида гўё ҳамиша шундай бўлмоғи керакдай тарзидаги тасаввурнинг қотиб қолгани жуда афсусланарли ҳолат.
Ажаб, пандемия муборак Рамазон ойига, ҳам Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигига тўғри келиб қолди. Хулосани, сабоқни тўғри чиқариш эса ўзимиздан!