Наманган вилояти Давлатобод туманидаги замонавий велотрек мажмуаси ёшлар ва ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон чемпионатига мезбонлик қилди.
Республика спорт вазирлигининг йиллик тақвим режасига асосан ўтказилган ушбу мусобақада Самарқанд, Жиззах, Фарғона, Андижон ва Тошкент вилояти ҳамда пойтахтимиздан келган элликдан зиёд иқтидорли спортчилар ғолиблик учун беллашди.

Ёш спортчилар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, Олимпия ўйинлари дастурига киритилган велоспортни янада оммалаштириш ва халқаро майдонларда янги номларни кашф этишга қаратилган мусобақада ғолиблар аниқланиш билан бир қаторда терма жамоамиз таркибига номзодлар ҳам сараланиб олинди.

2007-2008 йилларда таваллуд топган ёшлар ҳамда 2009-2010 йилларда туғилган ўсмирлар иштирокида чемпионатда велоспортнинг трек йўналиши бўйича ғолиблар шоҳсупага кўтарилди. Унда ёшлар ўртасида Тошкент шаҳридан Шоислом Шоакмалов ва Жиззах вилоятидан Сабрина Жонқобилова, ўсмирлар орасида эса пойтахтимиздан Дониёр Қаҳрамонов ва Тошкент вилоятидан Роксана Ҳикматова эътироф этилди.

Ғолиб ва совриндор спортчиларга чемпионлик унвони, медаллар, турли даражали дипломлар ва эсдалик совғалари топширилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.