Kучли шамол етказган талофатлар бартараф этилмоқда
Жорий йилнинг 6-7 февраль кунлари Жиззах вилоятининг бир қатор ҳудудларида кучли шамол кузатилиб, айрим жойларда бу электр таъминотига жиддий зарар етказиши оқибатида бир қатор аҳоли хонадонлари вақтинча электр таъминотисиз қолди.
Лекин муқобил энергия манбалари ўрнатилган ташкилот ва хонадонларда чироқлар порлаб тургани, ана шундай пайтларда қуёш чироқларининг асқатгани ҳам бор гап.


Бу кучли шамолдан, айниқса, Фориш тумани, бошқа ҳудудларга нисбатан кўпроқ зарар кўрганини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим. Туман электр тармоқлари корхонасидан берилган маълумотда таъкидланишича, кучли шамол натижасида тумандаги 22 та маҳалла аҳолиси электр ҳаво тармоқларидаги талофатлар сабаб вақтинча электр энергияси таъминотидан узилиб қолган.
Кучли шамол тўхтагач, тумандаги бир қатор маҳаллаларда электр ҳаво тармоқларидаги талофатлар бартараф этилиб, ушбу маҳаллалар аҳолисининг электр энергия таъминоти қайта тикланган.


Айни пайтда тумандаги “Дўстлик”, “Ўхум”, “Учма”, “Қизилқум”, “Эгизбулоқ”, “Нурак”, “Сайёд” маҳалла фуқаролар йиғинларида электр ҳаво тармоқларидаги талофатларни бартараф этиш ишлари якунига етказилмоқда.
Кучли шамол натижасида етказилган талофатларни бартараф этишда Пахтакор, Мирзачўл, Дўстлик, Арнасой туманлари электр тармоқлари корхоналари энергетиклари ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Жиззах ҳудудий филиали ходимлари, қурилиш бўлими бригадалари форишлик энергетикларга яқиндан ёрдам бераётгани алоҳида таҳсинга лойиқ.
АЖ Жиззах ҳудудий филиали мутахассисларининг таъкидлашларича, бугун (8 февраль) туман аҳоли пунктлари тўлиқ электр энергияси билан таъминланади.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари