8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун
Юртимизда ҳар йили 8 декабрь санаси халқимизнинг орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун сифатида нишонлаб келинади. Эътиборлиси охирги икки йилда фуқароларимиз ушбу санада жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари инобатга олинган, Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамиятни жипслаштирган янги таҳрирдаги Конституциямизни нишонлашмоқда.
Ҳақиқатдан ҳам Бош қомусимиз янгиланиши асносида халқимизнинг кўп йиллик орзу-умид ва истаклари конституциявий норма сифатида ўз аксини топди. Хусусан, кейинги йилларда эришган ютуқларимиз, жумладан, иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари, одил судлов, сўз ва эътиқод эркинлиги, ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги юзлаб чекловларнинг олиб ташлангани, нақд пул, валюта, кредит масалаларидаги муаммоларнинг ҳал қилингани, қўшниларимиз билан орамиздаги 25 йиллик “музлар эригани” ва бошқа ижобий ҳаракатлар ортга қайтмаслигининг конституциявий ҳимояси таъминланди.
Қолаверса, тарихимизда илк бор Ўзбекистон – ижтимоий давлат, деб белгиланди. Яъни, инсонга эътибор ҳамда ғамхўрлик – давлат ва жамиятнинг энг асосий бурчи экани Бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилди.
Конституциянинг 43-моддасида камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат ўзига қатор янги мажбуриятларни олиши белгиланди. Умуман, давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ Конституциядаги нормалар уч баробарга кўпайди.
Хусусан, Конституцияда ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи белгиланди. Ушбу норманинг амал қилиши ҳар бир фуқаро, жумладан, ёш оилаларнинг ўз бошпанасига эга бўлишини таъминлаб, кишиларнинг ҳаётдан розилик даражасини оширади.
Ушбу йўналишдаги ўзгаришлар яқин тарихимизда “снос”лар билан боғлиқ рўй берган салбий ҳолатларни тўлақонли бартараф этишга хизмат қилди. Конституциянинг 47-моддасида ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланиши кафолатлаб қўйилди.
Шунингдек, аҳоли саломатлигини асраш билан боғлиқ нормаларнинг ҳам тўрт баробарга кўпайганлиги аҳоли соғлиғини ишончли муҳофаза этиш ҳамда оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар таҳдидини бартараф этишда жуда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Қолаверса, аҳоли ҳаёти ва саломатлик даражасини яхшилашнинг зарурий шарти сифатида Конституцияда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ҳам аниқ норма белгилаб қўйилди.
Янгиланган Конституциямиздаги ижтимоий йўналишдаги ўзгаришларни, албатта, таълим тизимисиз тасаввур этиб бўлмади. Конституцияда таълим олиш ҳуқуқи ва имконияти кенгайтирилиб, илк бор ўқитувчилар конституциявий мақомга эга бўлди. Ногиронлиги бор болажонлар ўз тенгдошлари билан бир хил таълим олиши учун инклюзив таълим Конституцияга киритилди. Бу шундай нуқсонларга эга болалар яккаланиб қолмаслиги, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида шаклланиши ва камол топиши учун муҳим кафолатдир.
Киритилган янги нормалар сабаб, давлатнинг ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш мажбурияти кучайтирилди. Бу нормалар “Адолат” СДПнинг асосий электорати ҳисобланган ўқитувчиларнинг профессионал ўсиши ҳамда ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватланиши, жамиятдаги ижтимоий мақоми, обрўсини янада оширишга хизмат қилди.
Қолаверса, Бош қомусимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади сифатида белгиланди. Инсон ҳуқуқларига оид нормалар уч бараварга кўпайди. Қонунлардаги зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал бўлиши шарт эканлиги белгиланди. Бу инсон ва давлат ўртасида муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликдаги ноаниқликлар, турли тушунмовчиликларни бартараф этиб фуқароларни ортиқча сарсонгарчиликдан қутқаради.
Умуман олганда, янги таҳрирдаги Конституциямизга киритилган бу каби ҳаётий нормаларга юзлаб мисоллар келтириш мумкин. Муҳими, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади. Бу эса, ҳар ерда ва ҳар жабҳада фуқароларимизга ўз ҳақ-ҳуқуқларини тўлақонли ҳимоя қилиш имконини беради.
Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси.
ЎзА