Кубок турнири ғолиблари аниқланди
Навоий шаҳридаги “Сўғдиёна” ўйингоҳида ёшлар ўртасида спортнинг анъанавий мини-футбол тури бўйича “НКМК Бош директор кубоги” турнири ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 декабрдаги “Жамоавий спорт турларини ривожлантириш ва иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти тизимида 2025 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш чора-тадбирлар режасига асосан ушбу турнирнинг саралаш босқичлари ўтказилди. Турнир Марказий, Шимолий, Жанубий, “Қизилқум” кон бошқармалари, Навоий машинасозлик заводи, Зарафшон қурилиш бошқармаси, Ахборот-коммуникация технологиялар бошқармаси ҳамда Навоий майдони бўлинмаларида бўлиб ўтди.

Саралаш босқичларида жами 305 та жамоа иштирок этиб, 3 минг нафарга яқин ёшлар қамраб олинди ва якунда 8 та жамоа “НКМК Бош директор кубоги” турнирига йўлланма олди.

– Бу йилги турнир олдингиларга қараганда катта тайёргарлик, жамоалар фаоллиги, энг муҳими, адолатли ва кўтаринки руҳда бўлиб ўтди, – дейди НКМК ёшлари етакчилари Кенгаши раиси Санжар Ражабов. – Комбинат маъмурияти, касаба уюшмаси Кенгаши ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашди. Бундай мусобақалар, тадбирларни ташкил этиш ёшларимизнинг бирдамлигини оширади. Уларнинг спорт соҳасидаги маҳоратини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Уч кун давом этган турнирда “Қизилқум” кон бошқармаси жамоаси 1-ўринни қўлга киритиб, кубок соҳибига айланди. Навоий машинасозлик заводи жамоаси 2-ўрин, Шимолий кон бошқармаси жамоаси эса 3-ўринни қўлга киритди.
Шунингдек, турнирда Шимолий кон бошқармаси ходими Шаҳзод Тошпўлатов “Энг яхши тўпўрар”, “Қизилқум” кон бошқармаси ходимлари Бегзод Ибрагимов ва Аҳрор Умурзоқовлар “Энг яхши дарвозабон” ҳамда “Энг яхши ўйинчи” номинацияларига лойиқ деб топилди.
Барча ғолиб ва совриндорлар пул мукофотлари ҳамда статуэткалар билан тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири