Кубок баҳсларига тайёргарлик қизғин
Жорий йилнинг 27-29 август кунлари пойтахтимиздаги МХСК мажмуасида дзюдо бўйича Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири кубогининг республика финал босқичи баҳслари бўлиб ўтади.
Уч кун давом этадиган финал баҳсларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида сараланган ўғил ва қизлар еттитадан вазн тоифасида медаллар учун татамига чиқади.

Бугун мазкур кубок мусобақалари ўтадиган спорт мажмуасида ташкилий қўмита йиғилиши ўтказилди ва спорт залдаги мавжуд ҳолат яна бир бор кўздан кечирилди. Унда ҳудудлардан келадиган спорт жамоаларни жойлаштириш, ҳакамларга керакли шарт-шароитларни яратиш каби қатор масалалар атрофлича кўриб чиқилди.

Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбуот хизматининг маълум қилишича, саралаш баҳслари ҳар куни соат 10:00 дан бошланади. Турнирнинг тантанали очилиш маросими эса 28 август куни соат 16:30 да ўтказилади.
Т. Рўзиев, ЎзА