Криптовалюталарни солиққа тортиш ва уларни тартибга солиш масалалари кун тартибида
Тошкент шаҳрида ўтказилаётган “Ипак йўли” XVIII солиқ форуми ўз ишини давом эттирмоқда. Форумнинг иккинчи куни доирасида иштирокчилар минтақада солиқ сиёсати ва солиқ маъмуриятчилигини ривожлантиришга оид муҳим ва долзарб масалалар муҳокамасини давом эттирди.
Форум иши қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тизимини такомиллаштиришга бағишланган сессия билан бошланди. Унда самарали ҚҚС моделини шакллантиришнинг асосий тамойиллари, унинг минтақада қўлланилиш хусусиятлари, шунингдек, рақамли иқтисодиёт ва трансчегаравий операцияларни солиққа тортиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Мутахассислар мазкур йўналишда илғор халқаро тажрибаларни жорий этиш зарурлигини таъкидлади.

Кейинги сессияда криптовалюталар ва рақамли активларни солиққа тортиш масалалари муҳокама қилинди. Экспертлар жадал ривожланаётган мазкур бозорни тартибга солиш, шаффофликни таъминлаш ва аниқ солиқ қоидаларини ишлаб чиқиш, шунингдек, ахборот алмашинуви бўйича халқаро стандартларга мослашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Шунингдек, алоҳида сессия трансчегаравий солиққа тортишнинг техник жиҳатларига бағишланди. Унда икки томонлама солиқ солишнинг олдини олиш бўйича битимларни ривожлантириш, шунингдек, олдиндан келишилган нарх белгилаш механизмлари (Advance Pricing Agreements — APA)ни амалиётга жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.

Мазкур форум солиқ соҳасидаги замонавий ёндашувларни шакллантириш, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва амалиётга йўналтирилган таклифларни ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА