Крипто биржа асосчиси 25 йилга қамалди
АҚШ суди банкротга учраган FTX крипто биржасига асос солган ишбилармон Сэм Бэнкман-Фридни 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди, деб хабар тарқатди NBC телеканали.
Аввалига мазкур телеканал ҳамда Американинг бошқа оммавий ахборот воситалари тадбиркор 20 йил муддатга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида ёзган эди, энди эса маълумот янгиланди.
Суд ўтган йил ноябрь ойида Бэнкман-Фрид қонунни маблағ ювиш ва кибер фирибгарлик билан боғлиқ турли амаллар орқали бузганлигини эълон қилган. Барча айблари учун у 100 йилга қамалиши керак эди. Ҳимоячилар маҳбуснинг соғлиги ёмонлашганини ҳисобга олиб, 6,5 йил қамоқ жазоси берилишини сўради. Судга раислик қилган ҳакам эса бу важни ишончли, деб топмади.
Ҳакам судланувчидан 11,02 миллиард доллар ундириш ҳақида қарор чиқарди, бу пул, жумладан, жабрланувчиларга товон пули тўлашга йўналтирилади.
2023 йил июлда FTX крипто биржаси муассаса асосчиси Бэнкман-Фрид ва уч нафар топ-менежер устидан судга шикоят қилган. Бундан кўзланган мақсад 2022 йил ноябрда компания хонавайрон бўлишига олиб келган, ноқонуний ўзлаштирилган 1 миллиард долларни қайтариш эди.
Ўша йил FTX судга банкротлик тўғрисида ҳам ариза берди ва Бэнкман-Фрид лавозимини тарк этаётгани ҳақида хабарлар тарқади. “Блумберг” агентлиги ёзишича, биржа шубҳали равишда бир кун ичида 662 миллион доллар йўқотган.