Крикет жамоалари беллашди
Тошкент давлат иқтисодиёт университетида крикет бўйича халқаро ўртоқлик турнири ташкил этилди. Унда пойтахт жамоалари қаторида Бангладеш элчихонаси вакиллари ҳам ғолиблик учун кураш олиб борди.
Дипломатик корпус вакиллари, талабалар, профессор-ўқитувчилар қаторида Бангладеш элчиси Муҳаммад Монирул Ислом спортчи сифатида майдонда ҳаракат қилгани кўпчиликнинг эътиборини тортди.

Турнир очилиш маросими олдидан ташкил этилган давра суҳбатида Бангладеш элчиси Муҳаммад Монирул Ислом, университет ректори, иқтисодиёт фанлари доктори Тўлқин Тешабоев, Ўзбекистон крикет федерацияси раиси Азиз Михлиев иштирок этиб, Олимпия ўйинлари тизимидан жой олган крикет спортини оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни саралаш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Қизиқарли кечган ўйинлар сарҳисобига кўра, Тошкент давлат иқтисодиёт университети жамоаси фахрли биринчи ўринни қўлга киритди.

Ғолиб ва совриндорлар кубок ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Т.Рўзиев,
ЎзА