Косонсойда меҳнат жараёнлари барқарор
Мазкур лойиҳалар тўлиқ ишга туширилса 1 минг 300 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Наманган вилоятининг Косонсой туманида ҳам пандемия муносабати билан ҳукм сураётган мураккаб вазиятларга қарамай ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда жорий йил учун қабул қилинган дастур ва режаларга мувофиқ меҳнат ва ислоҳий жараёнлар барқарор суратларда давом эттирилмоқда.
Бу, жумладан, Гўрмирон маҳалласида қарийб уч гектар майдонда қад ростлаётган иккита кўп қаватли, 40 та хонадонли турар-жой биноси, буюм, деҳқон ва ҳайвон бозорлари ҳамда автотураргоҳларда кечаётган қурилиш жараёнларида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.
Умумий қиймати 16 миллиард сўмга тенг бўлган лойиҳа асосида мазкур кенг кўламли бунёдкорлик мажмуасида «Осмон сайёраси» масъулияти чекланган жамияти буюртмасига биноан «Ҳасанобод» масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан ҳозиргача 10 миллиард сўмликдан зиёд ҳажмдаги қурилиш-монтаж ишлари бажарилди.
Бундан ташқари «Намуна», «Тергачи», «Гўрмирон» кичик саноат зоналарида енгил саноат, қурилиш индустрияси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш каби кўплаб йўналишларда умумий қиймати 417 миллиард сўмга тенг 50 га яқин лойиҳани амалга ошириш устида изланишлар давом эттирилмоқда. Мазкур лойиҳалар тўлиқ ишга туширилса 1 минг 300 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
«Оҳангарон бинокори» масъулияти чекланган жамиятига қарашли гипсокартон ишлаб чиқаришга ихтисослашган, эллик киши иш билан таъминланган корхонада қиймати 1,5 миллион долларга тенг лойиҳага кўра хитой технологияси асосида импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп қурилиш материали ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Фаолият бошлаганига атиги тўрт ой бўлган мазкур корхонада кунига 3 мингта ёки бир ойда 2 миллиард сўмликдан зиёд маҳсулот тайёрланмоқда. Эътиборлиси, ўтган қисқа вақт мобайнида 165 минг долларлик маҳсулотни қўшни республикалар бозорига чиқаришга ҳам улгурилгани корхонанинг истиқболидан далолат беради.
—Маҳсулот тури ва ишлаб чиқариш ҳажмини янада кенгайтириш, қўшимча завод қуришни ва яна 70 та иш ўрни яратиш мақсадидамиз, - дейди тадбиркор Ю. Темиров. – Бу ташаббусимиз вилоят раҳбари томонидан қўллаб-қувватланда ва «Туятўйди» кичик саноат зонасидан ер майдони ва 550 минг доллар кредит ажратилиши масаласида мутасаддиларга топшириқ ва тегишли кўрсатма берди. Албатта, бу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, эл-юртимиз фаровонлиги йўлидаги изланишларда давом этаверамиз.
Худди шунингдек, тадбиркор А.Юсупов раҳбарлик қилаётган «Темир бетон» масъулияти чекланган жамиятида ҳам хитой технологияси асосида кунига 100 га яқин ёки ойига 1 миллиард 200 миллион сўмлик лоток – қуйма ариқ, қудуқлар учун ҳалқа қувур (колодец), бардюр, плита каби об-ҳаво таъсири ва оғир босимга чидамли, меъёрий стандартлар талабларига тўла жавоб берадиган бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. 2,5 миллиард сўм банк кредити, 1,5 миллиард сўм тадбиркор сармояси жалб этилган мазкур корхонада айни пайтда йигирма киши меҳнат қилмоқда. Темир-бетон маҳсулотларига эҳтиёж ҳам катта бўлганлиги боис айни корхонада маҳсулот тури ва ҳажмини кўпайтириш лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Яқин кунларда бу ерда электр тармоқлари учун махсус таянч устунларини тайёрлаш ҳам йўлга қўйилади.
«Гулобод» маҳалласида қад ростлаган тўрт қаватли “Ixlos medical center” тиббий диагностика маркази ҳам юртдошларимизга юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатишни бошлаш арафасида турибди. Лойиҳа қиймати 6 миллиард сўм бўлган ушбу тиббиёт муассасасида бир вақтнинг ўзида 60 кишига терапия, гинекология ва урология соҳаларида тиббий хизмат кўрсатилади ва бу ерда қирққа яқин иш ўрни яратилади.
Пандемия карантини шароитида аҳолининг ижтимоий-маиший шарт-шароити, тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий муассасалар фаолияти барқарорлигини таъминлаш мақсадида жойларда бугунги ҳолатни ўрганиб юрган вилоят ҳокими Х.Бозоров раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи Косонсой туманида юқорида айтиб ўтилган ва бошқа объектларда бўлиб, тадбиркорлар, меҳнат жамоалари ҳамда аҳоли вакиллари билан мулоқотда бўлди.
- Юртимизда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор, бу йўналишдаги лойиҳаларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани қишлоқ жойларида ҳам ишлаб чиқариш корхоналарининг кўпайишига, янги иш ўринларини яратилишига ва аҳоли турмуш фаровонлигининг ошишига хизмат қилмоқда, - деди вилоят раҳбари. -Аҳолини иш билан таъминлаш ва пировардида ҳаёт фаровонлигини оширишга хизмат қилувчи бундай лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш, уларнинг сони ва сифатини пухта кўриб чиқиш, ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш, дастурга киритилган чора-тадбирларнинг ижроси устидан тизимли назорат ўрнатиш, тасдиқланган лойиҳаларни бажаришнинг самарадорлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Янги ишлаб чиқаришларни ташкил этишни рағбатлантириш, эркин иқтисодий зона ва илғор ривожланиш ҳудудларини яратиш, корхоналар ўртасида кооперацияни чуқурлаштириш, маҳсулот таннархини пасайтириш ва унинг рақобатбардошлигини ошириш, маҳаллий маҳсулотларнинг ташқи бозорларга экспортини кўпайтиришимиз зарур.

