Космик соҳада навбатдаги муҳим қадам
Мамлакатимизда космик саноат соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда бошқа стратегик йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари мустаҳкамланмоқда.
Бу эса қишлоқ хўжалиги, сув ресурсларини бошқариш, атроф-муҳит мониторинги, шаҳарсозлик ва бошқа муҳим тармоқларда амалий вазифаларни ҳал этишда муҳим саналади.

“Ўзбеккосмос” агентлигида “Star.Vision, Oman Lens, Mars Development and Investments” ҳамда “UzOman”компаниялари вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда космик технологиялар ҳамда сунъий йўлдош маълумотларидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
“Ўзбеккосмос” агентлиги маълумотига кўра, мазкур учрашув халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, инновацион космик ташаббусларни илгари суришда аҳамиятлидир. Дарҳақиқат, мамлакат барқарор ривожланиши ва технологик тараққиётига хизмат қилувчи бу каби истиқболли лойиҳаларнинг амалга ошиши соҳада навбатдаги муҳим қадам сифатида қайд этилмоқда.
А.РУСТАМОВ, ЎзА