Корхоналарида хавф-хатарларни таҳлил қилиш ва танқидий назорат нуқталари тизимини жорий этиш талаблари муҳокама этилди
HACCP – озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш учун бутун дунёда тан олинган халқаро тизим
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси раиси Азизбек Урунов Халқаро савдо маркази (ITC)нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик бўйича раҳбари Елена Бутримова билан учрашди.
Мулоқотда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги тизимини халқаро талаблар асосида такомиллаштириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва уларнинг ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган «Ready4Trade Central Asia» лойиҳаси имкониятларидан фойдаланган ҳолда экспортга йўналтирилган озиқ-овқат корхоналарини қўллаб-қувватлаш истиқболлари кўриб чиқилди.
Хусусан, корхоналарда HACCP ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини бошқаришнинг халқаро тизимларини жорий этиш, халқаро стандартларга мувофиқликни ошириш ва экспорт бозорларига чиқиш салоҳиятини кучайтириш муҳим йўналишлар сифатида белгиланди.
Учрашувда рақамлаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистоннинг фитосанитария соҳасида IPPC ePhyto Solution халқаро тизими орқали электрон фитосанитар сертификатлар алмашуви бўйича тажрибаси қайд этилди. Ушбу ёндашувларни озиқ-овқат хавфсизлиги, ветеринария ва санитария соҳаларида ҳам ривожлантириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, озиқ-овқат бизнеси ва соҳа мутахассисларининг салоҳиятини ошириш, экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш ва етказиб бериш занжирларини ривожлантириш, озиқ-овқат занжиридаги хавфларни баҳолаш бўйича халқаро тажрибани жорий этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда таъкидланганидек, озиқ-овқат хавфсизлиги тизимини модернизация қилиш ички бозорда истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотларининг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлиги ва уларга бўлган ишончни ошириш, экспорт географиясини кенгайтиришга ҳам хизмат қилади.
Учрашув якунида белгиланган йўналишлар бўйича амалий ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
М.Қосимова, ЎзА