Корхоналар рейтинги ошмоқда
Бухоро шаҳридаги тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган “EVER WHITE GROUP” корхонаси барқарорлик рейтингининг юқори “А” тоифасига кирувчи тадбиркорлик субъектларидан бирига айланди.
Бунга вилоят солиқ бошқармасининг “корхонабай” ишлаш асосида бириктирилган ходимларининг солиқ тўловчилар билан яқиндан ҳамкорлиги ҳамда шу орқали улардаги камчиликларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлари ижобий самара берди.

Ушбу тадбиркорлик субъектига бириктирилган ходимларнинг корхона раҳбари ҳамда ҳисобчиси билан навбатдаги учрашуви айнан шу мавзуда бўлди. Негаки, улар аввалги учрашувларда солиқ имтиёзлари ва преференциялардан фойдаланмоқчилигини билдирган эди. Шу боис солиқ ходимлари уларга барқарорлик рейтинг даражасини (“ААА” 100 балл) янада яхшилаш юзасидан керакли маслаҳатларини берди. Таълим хизматларини кўрсатувчи “Бухоро инновацион таълим ва тиббиёт университети” масъулияти чекланган жамияти ҳам бир қатор енгилликлардан фойдаланмоқчи.

Солиқ бошқармаси ходимларининг мазкур тадбиркорлик субъекти вакиллари билан учрашувида дастлаб уларга субсидия, имтиёз ва преференциялар уларнинг рейтинг даражасидан келиб чиққан ҳолда берилиши тушунтирилди. Шундан сўнг, уларнинг айрим камчиликлари кўрсатиб ўтилган ҳолда барқарорлик рейтингида ўрта, қониқарли ҳамда қуйи тоифалардан юқори тоифага эришиш мезонлари аниқ мисоллар билан кўрсатиб ўтилди.


Вилоятда солиқ хизмати ходимларининг “Солиқчи тадбиркорга кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорларга барқарорлик рейтингини оширишда яқиндан ёрдам бераётганликлари натижасида ҳудуддаги 300 дан ортиқ корхоналар юридик шахслар рейтингида юқори тоифани эгаллади. Худди шундай, қониқарли ва қуйи тоифада бўлган 6 мингдан ортиқ корхоналар ўрта тоифага кўтарилди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири