Корхонада ишлаб чиқариш режаси ортиғи билан бажарилди
2024 йил давомида "Ўзбекнефтгаз" АЖ тизимидаги Шўртан газ-кимё мажмуасида ишлаб чиқариш режаси бўйича яхши натижаларга эришилди.
Хусусан, 4 миллиард 208 миллион метр куб хомашё гази чуқур қайта ишланиб, режага нисбатан 108 фоизга уддаланди. Шунингдек, 3 миллиард 553 миллион метр куб тозаланган табиий газ (108%), 105,8 минг тонна газ конденсати (119%), 126,2 минг тонна суюлтирилган газ (119%), 1321 тонна олтингугурт (165%) ва 137,6 минг тонна полиэтилен гранулалари (110%) ишлаб чиқарилди. Бу орқали ишлаб чиқариш режа кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилди.
Шунингдек, мажмуа ишлаб чиқариш қурилмаларининг бошқарув блоки – DCS Тармоқланган бошқарув (Honeywell) тизимида амалга оширилмаган мураккаб модернизация ва таъмирлаш ишлари муваффақиятли бажарилиб, белгиланган муддатидан 17 кун аввал якунланди. Буғ-газ ҳаво таъминоти цехидаги азот ва ҳаво олиш қурилмаси (РА-6600) ҳамда демин сув олиш қурилмасининг (РА-6300) автоматик бошқарув тизимидаги модернизация жараёнлари тўлиқ якунланди.
Мажмуага қарашли объектларда энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва энергия тежамкор технологияларни жорий этиш мақсадида 5,3 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станцияси тўлиқ ишга туширилиб, фойдаланишга топширилди.
Йил давомида малака оширишга 2 минг 53 нафар ходим жалб қилинди, дейилади “Ўзбекнефтгаз” АЖ ахборот хизмати хабарида.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА