Корхона имтиёздан самарали фойдаланмоқда
Бухоро вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Баҳодир Қутлимуратов “AKSA Enerji Bukhara” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди. Мақсад ишлаб чиқариш жараёнида юзага келаётган муаммоларни ўрганишдир.
Қуввати 270 МВт бўлган мазкур газ-поршенли электр станцияси Туркия инвестицияси асосида барпо этилган. Корхона жорий йилдан бошлаб Ўзбекистоннинг ягона электр тармоғига қувват узатишни бошлаган. Йилига 2,2 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Бу эса вилоят истеъмолининг 80 фоизини қоплайди. Ушбу электр станция тўлиқ ишга тушгач 150 нафар киши иш билан таъминланади.

“AKSA Enerji Bukhara” МЧЖ фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, ушбу корхонага жорий йилда 14,1 миллион доллар қийматидаги технологик асбоб-ускуна импорт қилинган. Мазкур жараёнда корхонага қарийб 11 миллиард сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёз қўлланилган.
Учрашув давомида корхона вакиллари келгусидаги таъмир жараёнида зарур бўладиган техник воситаларни ҳам бевосита божхона томонидан қўлланиладиган имтиёзлардан унумли фойдаланган ҳолда импорт қилинишини таъкидлашди. Бу борада қонунчиликда мавжуд барча имтиёзлардан фойдаланиш мумкинлиги айтилди.

Зариф Комилов, ЎзА