
Жиззахда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва унинг қуйи тизими масъуллари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда тизимда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш масалалари танқидий ва таҳлилий руҳда муҳокама қилинди.
Йиғилишда Жиззах вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Савурбоев, вилоят прокурори Б.Иброҳимов ва бошқалар томонидан соғлиқни сақлаш муассасалари ходимлари иштирокидаги коррупциявий ҳолатлар, тиббий хизматнинг сифати кўнгилдагидек эмаслиги, хориждан келтирилган қимматбаҳо тиббий жиҳозлардан фойдаланиш даражаси пастлиги, кадрлар етишмаслиги масаласидаги муаммолар, фуқароларда тизим ходимларига ишончсизлик мавжудлиги ва бошқа хато-камчиликлар жиддий танқид қилинди.
Жумладан, вилоят соғлиқни сақлаш соҳасида 7 миллиард 673 миллион сўм маблағ тизимдаги мансабдор ва моддий жавобгар шахслар томонидан талон-тарож қилинган, уларга нисбатан 32 та жиноят иши қўзғатилиб, 31 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган, 6 та жиноят иши бўйича дастлабки терговлар давом этаётгани таъкидланди.
Бундан ташқари, 23 нафар тиббиёт ходими томонидан фирибгарлик ва таъмагирлик билан боғлиқ 21 та жиноят содир этилиб, ушбу жиноятлар натижасида фуқароларнинг 27 минг 700 АҚШ доллари ҳамда 14 миллион 400 минг сўм маблағлари соҳа ходимлари томонидан талаб қилиб олинганлиги аниқланган. Ушбу жиноятларни 10 нафар ҳамшира, 6 нафар олий маълумотли врач, 7 нафар кадрлар билан ишловчи ва бошқа техник ходимлар содир этганлиги афсусланарли ҳол эканлиги қайд этилди.
Йиғилишда коррупцион ҳолатларга, инсон саломатлиги билан боғлиқ хатоликларга ва давлат мулкини талон-тарож қилиш билан боғлиқ жиноятларга йўл қўйган соҳанинг баъзи ходимлари эгаллаб турган лавозимларидан озод этилиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари зиммасига тизимда аниқланган камчиликлар юзасидан айбдор шахсларга нисбатан терговга қадар суриштирув ишларини олиб бориш вазифаси юклатилди.
Шунингдек, йиғилганларга кибержиноятлар тўғрисида ҳам атрофлича тушунчалар берилиб, бу борада жиддий огоҳлик ва ҳушёрликка чақирилди.
Тадбир сўнггида вилоят, шаҳар, туман соғлиқни сақлаш тизими раҳбар ва масъуллари қатъий огоҳлантирилиб, уларнинг зиммасига соҳада амалга оширишлари лозим бўлган аниқ вазифа ва топшириқлар юклатилди.
А.Қаюмов, ЎзА