Коррупцияга қарши мурожаатлар сони ортмоқда
Коррупция бирор мансабдор шахснинг қонунчилик ва ахлоққа зид равишда ўзининг бошқарув ваколатлари ва ҳуқуқларидан шахсий манфаатлар мақсадида фойда олишидир. Порахўрлик, кенг маънода коррупция деб аталувчи ҳодиса барча ислоҳотлар илдизига болта ураркан, уни келтириб чиқарувчи сабаб ва қарши кураш чораларини билишимиз лозим бўлади.
Бугунги кунда, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, халқ билан мулоқотни йўлга қўйиш, мурожаатлар билан ишлаш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигига 2026 йилнинг 6 ойи давомида жисмоний ва юридик шахслардан коррупцияга оид жами 3 652 та мурожаат келиб тушган. Ушбу давр мобайнида мурожаатларнинг 3 559 таси кўриб чиқилиши таъминланган бўлиб, ҳозирда 93 та мурожаат кўриб чиқилмоқда.
Кўриб чиқилган мурожаатларни ўрганиш давомида вазирликлар, идоралар ва вилоят (туман, шаҳар) ҳокимликларига киритилган тақдимнома ҳамда сўровлар натижасида 75 таси ижобий ҳал этилган, 2 636 та мурожаат тааллуқлилиги бўйича тегишли вазирлик ва идораларга йўналтирилган.
Мутахассисларнинг қайд этишича, мамлакатимиздаги очиқлик сиёсати туфайли, коррупцияга қарши кураш мавзуси оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилаётганлиги, фуқароларда бу иллатга тоқатсизликнинг аниқ ва равшан шаклланаётганлиги ҳамда давлат идоралари масъуллари томонидан содир этилаётган коррупцион ҳолатлар очиқланиши натижасида Агентликка келиб тушаётган мурожаатларнинг сони кўпайиши кузатилмоқда. Жумладан, 2025 йилнинг 6 ойи давомида Агентликка келиб тушган 2 872 та мурожаатларни 2026 йилнинг 6 ойи давомида келиб тушган 3 652 та мурожаатларга нисбатан солиштирганда мурожаатлар салмоғи 27,2 фоизга ошган.
Агентликка келиб тушаётган мурожаатларнинг аксариятида суд-ҳуқуқ соҳасидаги муаммолар, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари ва турли соҳаларда коррупциявий ҳолатларнинг юз бераётгани тўғрисида ёзилган мурожаатлардан иборат.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълумотига кўра, агентлик томонидан давлат органлари ва ташкилотларида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш соҳасида амалга оширилган ишлар комплекс таҳлил қилинди.
Таҳлил натижаларига кўра, давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари томонидан “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун талабларига мувофиқ, жами 336 та мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарнома тақдим этилган. Шунингдек, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви юзасидан жами 627 385 та декларация тўлдирилган.
Ушбу ҳужжатлар таҳлили натижасида жами 2 951 та, жумладан, 446 та мавжуд ҳамда 2 505 та эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви аниқланди.
Шунингдек, 865 та ҳолат (446 та мавжуд ҳамда 419 та эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) қонунчилик талабларига мувофиқ тегишли тартибга солиш чоралари кўрилиши натижасида бартараф этилди.
Жумладан, 138 нафар ходим бошқа раҳбар бўйсунувига ўтказилди, 11 нафар ходим коллегиал орган таркибидан ихтиёрий чиқди, 21 нафар ходимнинг лавозим мажбуриятлари ва хизмат ваколатлари қайта кўриб чиқилди, 51 нафар ходимнинг айрим ахборот ва ҳужжатлардан фойдаланиши чекланди, 301 нафар ходимнинг якка тартибда қарор қабул қилиш ваколати устидан коллегиал назорат ўрнатилди, 87 нафар ходимга шахсий манфаатдорликни бартараф этиш бўйича таклифлар берилди,196 нафар ходим шахсий манфаатдорлигидан ихтиёрий воз кечди ҳамда 60 нафар ходим бошқа тенг лавозимга ўтказилди ёки меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Ўрганишлар давомида вазирликлар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимлари фаолиятида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича белгиланган чекловларга риоя этилмаган жами 831 та ҳолат (вазирликлар тизимида – 60 та, маҳаллий ҳокимликларда – 771 та) аниқланди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 193-4-моддасига кўра, 168 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли суд қарорларига асосан жарима жазоси тайинланди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан мурожаатлар билан ишлаш борасидаги амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар аҳоли муаммоларининг ечими топилишига хизмат қилмоқда ҳамда мурожаатларда кўрсатиб ўтилаётган коррупциявий ҳолатларни келтириб чиқараётган омилларни таҳлил қилган ҳолда уларни бартараф қилиш учун тегишли чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилишига замин яратмоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА