Коррупцияга қарши курашиш ойлиги
Коррупция – тараққиёт кушандаси
Коррупция ҳар қандай давлатнинг эртанги куни, келажаги учун хатарли, таҳдидли кушандадир. У иқтисодиётга катта зарар етказиб, мамлакат тараққиётини издан чиқаради. Шу боисдан мамлакатимизда бу борада қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Янги Ўзбекистонда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.
2017 йилда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун, 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва 2021 йилда “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қолаверса, жорий йилнинг ноябрь ойида мамлакатимизнинг кўпгина вазирлик ва идораларида, жумладан “Навоий кон металлургия комбинати” акциядорлик жамиятида Коррупцияга қарши курашиш ойлиги ўтказилаётганлиги, жамият ривожига тўсиқ бўлган ушбу иллатга қарши қатъий ва изчил кураш бошланганидан далолат беради.
Президентимизнинг 2021 йилдаги “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ўтган йилнинг 1 октябридан бошлаб Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари, яъни Комплаенс назорат тизими йўлга қўйилди.
“Навоий кон металлургия комбинати” акциядорлик жамияти мақомини олгандан сўнг, унинг асосий бўлинмаларида комплаенс хизмати ташкил этилди. Бутун Республикада бўлгани каби бу хизмат ходимлари олдига комбинатда коррупцияга қарши муросасиз курашиш муҳитини яратиш, коррупцион хавф-хатарларнинг олдини олиш, келиб чиқиш сабабларини барвақт аниқлаш, бундай омилларни тамомила бартараф этиш каби муҳим вазифалар қўйилди.
Комбинатда комплаенс хизмати фаолият кўрсатаётганлигига ҳали кўп вақт бўлмаган бўлсада, ўтган даврда ушбу йўналишда бир қатор ишлар амалга оширилди. Аввало ходимларнинг билим даражаси ва малакасини оширишга эътибор қаратилди. Ходимлар томонидан “онлайн” малака ошириш курсларига қатнашиб, билим салоҳияти оширилиши натижасида Халқаро коррупцияга қарши курашиш академияси (International Anti-Corruption Academy)нинг “Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш” йўналишида 9 та ва “Активларни декларациялаш – коррупцияни аниқлаш индикатори” йўналишида 8 та, “Харидлар соҳасида коррупция ва фирибгарликни олдини олиш” йўналишида 2 та сертификатлар олинди.
Бундан ташқари, Молия вазирлигининг “Давлат харидларини амалга ошириш” йўналишида 7 та ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг соҳага оид 2 та сертификатлари олинди.
“Коррупцияга қарши бошқарув тизимлари” ISO 37001:2016 халқаро стандарт талаблари асосида жами 14 та ички идоравий ҳужжатлар, жумладан, Комплаенс хизматининг низоми, Коррупцияга қарши курашиш сиёсати, Одоб-ахлоқ кодекси, Ходимларни ишга қабул қилиш тартиби, Ходимларини одоб-аҳлоқ қоидалари ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўқитилишини ташкил қилиш бўйича йўриқнома, Коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш тўғрисидаги низом, Коррупцияга қарши курашиш тизимининг ҳолати ҳақидаги ҳисоботни шакллантириш ва тақдим этиш регламенти, Номзодларни текшириш бўйича йўриқнома, Харидларини ўтказиш тўғрисидаги низом ва бошқа ҳужжатлар ишлаб чиқилди.
Энг муҳими, айни пайтда комбинат бўлинмалари фаолиятида мазкур ҳужжатлар амалда бўлиб, ўзининг самарасини бермоқда. Келгусида, ушбу йўналишда ишлар олиб борилишини янада кучайтириш режалаштирилган.
Халқимизда касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш афзал деган нақл бор. Зеро коррупция келтириб чиқарадиган оқибатларини кутиб турмасдан бу иллатга оид жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш, уларга чек қўйиш мақсадга мувофиқдир. Шу боисдан ҳам Комплаенс хизмати ходимлари томонидан коррупцион ҳолатларни келтириб чиқараётган шарт-шароитлар ўрганилиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Жорий йилнинг 10 ойи давомида Комплаенс хизмати томонидан жами 806 та (667 та буйруқ ва 139 та фармойиш) ички идоравий ҳужжатлар коррупцияга қарши ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. Бундан ташқари, норматив-ҳуқуқий ва ички идоравий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш юзасидан 27 та таклифлар ишлаб чиқилиб, 9 таси амалиётга жорий этилди ва 15 таси ўрганиб чиқилмоқда.
Жамиятнинг расмий веб-сайтида “Коррупцияга қарши курашиш” ва “Очиқ маълумотлар” бўлимлари жорий этилди. Мазкур бўлимларда ички идоравий ҳужжатлар, эълон қилиниши белгиланган маълумотлар, мурожаатларни юбориш учун тегишли (ишонч телефони ва электрон почта) алоқа каналлар ҳамда Комплаенс хизматининг масъул ходимлари тўғрисидаги маълумотлар жойлаштирилди.
Ўтган давр мобайнида жамият ходимлари билан “Коррупцияга қарши курашиш бўйича қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун моҳиятини ишчи ходимларга тушунтириш ва ўқитиш” юзасидан 30 маротаба ҳуқуқий тарғибот ва профилактик тадбирлар ўтказилди. Хусусан, 10 та учрашув, 16 та семинар, 2 та расмий веб-сайтга ва 1 та газетада мақола чоп этилиб, 1 та сўровнома ўтказилди.
Фуқаролар мурожаатлари ва топшириқларга асосан жами 18 та ўрганиш ҳамда хизмат текшируви ўтказилиб, 8 таси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди. Бир нафар раҳбар маъмурий, 7 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилди.
Комплаенс хизмати ходимлари олдига қўйилган вазифалар кўлами ва масъулиятини теран англаб етиш бугунги куннинг муҳим талабидир. Соҳада ишлаш халқнинг, давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимизнинг юксак ишончи эканлиги эса жамоага алоҳида куч-ғайрат, кўтаринки руҳ бағишламоқда. Шундай экан, ходимларимиз бор билим ва имкониятларини коррупцияга қарши аёвсиз курашишга, шунингдек комбинатнинг барча йўналишларида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга йўналтирадилар.
Азамат БОЗОРОВ,
“Навоий кон металлургия комбинати”АЖ
Комплаенс хизмати шўъба бошлиғи