Коррупцияга қарши курашда асосий куч нимада?
Коррупция жамият танасида аста-секин илдиз отувчи, аввало ишончни, кейин эса адолат туйғусини емирувчи иллатдир. У бор жойда қонуннинг кучи сусаяди, давлат хизматларининг сифати пасаяди, инсонларнинг ҳақли эътирози кучаяди.
Сўнгги йилларда очиқлик, ҳисобдорлик ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 сентябрдаги “Коррупцияга қарши курашиш соҳасида фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини янада кенгайтириш ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада янги босқични бошлаб берди.
Ушбу қарорнинг аҳамияти шундаки, унда коррупцияга қарши курашиш давлат идоралари билан чекланиб қолмаслиги, бу жараёнга нодавлат нотижорат ташкилотлари, мустақил экспертлар, илмий муассасалар, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик фаол жалб этилиши белгиланган.

Бу борадаги вазифалар ҳудудларда ҳам амалий мазмун касб этмоқда. Буни Қашқадарё вилояти мисолида ҳам кўриш мумкин. Вилоятда нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан аҳоли ҳаётига бевосита дахлдор соҳаларда коррупция хавфларини ўрганиш, жамоатчилик фикрини таҳлил қилиш ва амалий таклифлар ишлаб чиқишга қаратилган қатор ташаббуслар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси вилоят ҳудудий бирлашмаси томонидан “Тиббиёт соҳасида коррупцияга барҳам бериш – муҳим вазифа” давлат гранти лойиҳаси амалга оширилган. Лойиҳа доирасида 1027 нафар фуқаро иштирокида социологик тадқиқот ўтказилиб, тиббиёт соҳасида аҳолини қийнаётган муаммолар, хизмат кўрсатиш жараёнидаги ноқулайликлар ва коррупция хавфлари ўрганилган.
Федерациянинг Шаҳрисабз тумани жамияти амалга оширган “Озодаликни сақлашга коррупциясиз эришайлик” лойиҳаси орқали тумандаги 28 та маҳаллада 2300 нафардан зиёд аҳоли қамраб олинган. Лойиҳа давомида чиқиндиларни олиб кетиш жадваллари жорий этилиши таъминланган, хизмат сифати устидан жамоатчилик мониторинги йўлга қўйилган, 1300 нафар аҳоли ўртасида сўровлар ўтказилган.
Мазкур жараёнда оддий чиқинди олиб кетиш тизими ҳам коррупцияга қарши кураш нуқтаи назаридан муҳим эканини намоён қилади. Чунки хизмат вақтида ва сифатли кўрсатилмаса, аҳоли норозилиги ортиб боради, норасмий келишувлар, масъулиятдан қочиш ва ҳисобдорликсиз муносабатлари пайдо бўлади.
Коррупцияга қарши курашда фақат жазо чоралари билан чекланиш етарли эмас. Жамиятда “таниш-билишсиз иш битмайди”, “муаммони пул билан ҳал қилиш мумкин”, “навбатни айланиб ўтиш оддий ҳол” деган қарашларга барҳам берилмас экан, коррупциянинг илдизи қуримайди. Шунинг учун фуқаролик жамияти институтлари, ННТлар ва жамоатчилик фаоллари аҳоли онгида ҳалоллик маданиятини шакллантиришда муҳим ўрин тутади.
Хорижий тажриба ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Масалан, Финляндияда давлат харидлари, тендерлар ва давлат маблағлари сарфи бўйича маълумотлар жамоатчилик учун очиқ бўлиб, қарорлар сифат, самарадорлик ва жамоат манфаати асосида баҳоланади. Бу ерда шаффофлик коррупциянинг олдини олувчи табиий муҳитга айланган.
Жанубий Кореяда эса давлат идоралари фаолиятини баҳолашда аҳоли, экспертлар ва фуқаролик жамияти институтлари фикрига таянадиган “ҳалоллик индекси” амалиёти мавжуд. У орқали қайси соҳада коррупция хавфи юқори экани аниқланиб, манзилли чоралар кўрилади.
АҚШда эса нодавлат ташкилотлар очиқ маълумотлар асосида давлат харажатлари бўйича мустақил таҳлилий ҳисоботлар тайёрлайди ва уларни жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқади.
Бу мисоллар бир ҳақиқатни кўрсатади: коррупцияга қарши курашда энг самарали механизм – очиқ маълумот, мустақил таҳлил ва фаол жамоатчилик иштирокидир. Давлат қанчалик очиқ бўлса, фуқаро шунчалик ишончли ҳамкорга айланади. Фуқаро ишончли ҳамкорга айланган жамиятда эса коррупция яширин ва қулай муҳит топа олмайди.
Амалиётдаги мисоллар шундан далолат берадики, ҳудудларда фуқаролик жамияти институтлари аҳоли ичидаги аниқ муаммоларни тезроқ кўради, оддий фуқаро тилида гапиради ва масъул ташкилотлар учун амалий ечимлар таклиф эта олади. Айниқса, тиббиёт, коммунал хизмат, ижтимоий ҳимоя, таълим, давлат хизматлари ва маҳалла тизими каби аҳоли билан кундалик мулоқотда бўладиган соҳаларда жамоатчилик назоратининг аҳамияти янада юқори.
Таҳлилий нуқтаи назардан қараганда, коррупцияга қарши курашнинг келгуси босқичида учта йўналиш алоҳида аҳамият касб этади. Биринчиси – очиқ маълумотлардан фойдаланишни кенгайтириш. Иккинчиси – ННТлар ва мустақил экспертларнинг таҳлилий салоҳиятини кучайтириш. Учинчиси – аҳоли мурожаатлари, сўровлар ва жамоатчилик мониторинглари асосида аниқ соҳавий тавсиялар ишлаб чиқишдир.
Хулоса қилиб айтганда, коррупцияга қарши кураш давлат ва жамият бир ёқадан бош чиқаргандагина самара беради. Давлат тизим яратади, қонун ва механизмларни белгилайди. Фуқаролик жамияти эса бу механизмларнинг ҳаётда қандай ишлаётганини кўради, баҳолайди ва зарур жойда жамоатчилик овозини етказади.
Баҳром Эшқувватов,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси.