Коррупцияга қарши курашамиз
Коррупция сўзи луғатлардан чиқмас экан ҳеч бир мамлакатда ривожланиш бўлмайди. Кейинги йилларда юртимизда мазкур иллатга қарши кескин кураш олиб борилмоқда.
Жойларда давлат органи ва ташкилотлар вакилларининг бу борадаги ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, мазкур иллатга қарши курашиш мақсадида мунтазам тарзда давра суҳбатлари, конференциялар ташкил этиб борилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Тошкент вилояти адлия бошқармасида “Коррупцияга қарши курашишга барчамиз масъулмиз” мавзусида вилоят ҳокимлиги, прокуратура, адлия ҳамда ички ишлар бош бошқармаси иштирокида бўлиб ўтди.

Конференция давомида коррупцияга қарши курашиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, балки барча давлат органлари ҳамда фуқаролик жамиятлари институтлари ва албатта, ҳар бир фуқаронинг ҳам вазифаси эканлиги айтилди. Шунингдек, тадбир давомида адлия ходимлари томонидан иштирокчиларга коррупцияга қарши курашиш борасида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳамда бу борада жорий йилда амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумотлар берилди.
– Коррупция, энг аввало, инсон ҳуқуқларини таъминлашга монелик қилиб, ижтимоий тенгсизликни келтириб чиқаради, – дейди Тошкент вилояти адлия бошқарма бўлим бошлиғи Дилшод Турдимуҳаммадиев. – Эркин бозор иқтисодиётининг ривожланишига, ҳаёт даражасининг пасайишига олиб келади. Шу билан бир қаторда коррупция фуқароларнинг давлат бошқаруви идораларига бўлган ишончи йўқолишига олиб келиб, уюшган жиноятчиликнинг авж олишига замин яратади ва инсонларнинг хавфсизлигига таҳдид солади. Бугун мақсадимиз аниқ, коррупция муаммосининг туб моҳиятини тушуниб етиш ва коррупция билан муросасиз курашиш ҳамда уни олдини олишдан иборатдир.
Тадбир якунида “Нафс исканжасида” номли қисқа метражли фильм намойиш этилди.
А.Мусаев,ЎзА.