Коррупцияга оид жиноятлар бўйича 7 минг 517 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган
Сенат ялпи мажлисида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза кўриб чиқилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов 2025 йилда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида давлат бошқарувида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат хизматларини рақамлаштириш, коррупциянинг олдини олиш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш борасида муайян натижаларга эришилгани қайд этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти иштирокида ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси доирасида республика бўйлаб соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик, банк ва кадастр соҳаларида коррупция ва бюрократиянинг келиб чиқиш сабаблари жойида ўрганилди.
Натижалари асосида ҳудудлар ва вазирликларда сайёр йиғилишлар ўтказилиб, коррупция хавфи юқори бўлган туман ва шаҳарлар учун манзилли “йўл хариталари” тасдиқланди.
Коррупцияга қарши курашиш соҳасини янада такомиллаштиришга қаратилган 7 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Давлат хизматларини рақамлаштириш кўлами кенгайтирилди. Давлат харидлари соҳасида қонунбузилишларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилди.

Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши ички назорат (комплаенс) тузилмалари мустақил шаклда қайта ташкил этилди.
Муҳокама давомида соҳада сақланиб қолаётган тизимли муаммо ва камчиликларга алоҳида эътибор қаратилди.
2025 йилда коррупцияга оид жиноятлар бўйича 7 минг 517 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Давлат манфаатларига 2,9 триллион сўмдан ортиқ зарар етказилган.
Энг кўп коррупцияга оид жиноятлар мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда тижорат банклари ҳиссасига тўғри келган.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳар тўртинчисида коррупциявий омиллар аниқланган Давлат харидлари соҳасида 12,6 триллион сўмлик қонунбузилишлар қайд этилган. Айрим давлат органлари ва ҳудудлар коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги ҳамда очиқлик индекси бўйича қониқарсиз натижа кўрсатган.

Сенаторлар коррупцияга қарши курашишда эришилган натижалар билан бир қаторда, профилактика ишларининг самарадорлигини ошириш, давлат харидлари соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш, ички назорат (комплаенс) тизими фаолиятини кучайтириш, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш ҳамда коррупция оқибатида давлатга етказилган зарарнинг қопланиши устидан назоратни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Муҳокама жараёнида Сенат аъзолари томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар билдирилди.
Муҳокама якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА