“Коррупция – жамият кушандаси”
9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни
Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан ўтказилган “Коррупция – жамият кушандаси” кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди.

Тадбир Жиззах вилояти Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими ташаббуси билан вилоят прокуратура, ички ишлар, божхона, давлат солиқ бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилди.
– Президентимизнинг 2020 йил 26 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялари, коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари этиб қайта ташкил этилди, – дейди Жиззах вилояти Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши котиби, халқ депутатлари вилоят кенгаши котибияти мудири Нодира Каримова. – Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашларининг ташкил этилганлиги, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Жорий йил иккинчи бор ташкил этилган ушбу кўрик-танловда 20 нафарга яқин иштирокчи тақдим этган материаллари атрофлича ўрганиб чиқилиб, “Коррупция – жамият кушандаси” кўрик-танловининг 5 та йўналиш: “Энг яхши босма нашр мақоласи” бўйича “Жиззах ҳақиқати” газетаси бўлим муҳаррири Асад Мустафоев, “Энг яхши телекўрсатув ва радиоэшиттириш бўйича” вилоят телерадиокомпанияси директор ўринбосари Парда Холматов, “Энг яхши интернет мақоласи” бўйича “Жиззах овози” газетаси мухбири Сайёра Мавлонова, “Энг яхши видеоролик бўйича” Жиззах шаҳар телевидениеси мухбири Наби Эргашев ва “Энг яхши баннер ва ёки тасвирий санъат асари бўйича” Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Жиззах шаҳар 1-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернати тасвирий санъат ва чизмачилик фани ўқитувчиси Шахноза Тошназарова ғолиб, деб топилди.

Танловда фаол иштирок этган 3 нафар ижодкорнинг мақолалари рағбатлантирувчи мукофотларга лойиқ топилди.
Ғолиб ва номинация соҳиблари рағбатлантирилди.

А.Қаюмов, ЎзА