Коррупция – тараққиёт кушандаси
Коррупция – мамлакат хавфсизлигига жиддий таҳдид солувчи омил. У жамиятга ва давлат ҳокимиятига сезиларли зарар келтириб, иқтисодий ривожланишни ортга суради. Демократик институтлар ва миллий қадриятларимизни, адолат ва ижтимоий бурч тушунчаларининг аҳамиятини сусайтириб, давлатнинг барқарор ривожланиши ва ҳуқуқ-тартибот тизимини заифлаштиради.
Коррупция мураккаб ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳодиса бўлиб, у ҳар хил даражада барча мамлакатларга ўз таъсирини ўтказмоқда. У сайлов жараёнларининг шаффофлигига салбий таъсир этиш билан бирга, қонун устуворлигининг таъминланмаслиги ва бюрократик тўсиқларнинг ривожланишига асос бўлади. Агар коррупция илдиз отишда давом этса, мамлакатга киритиладиган хорижий инвестициялар йўқолади ва ишсизлик даражаси ортади.
Жаҳонда кўплаб глобал муаммолар, табиий офатлар, ижтимоий ва иқтисодий тенгсизлик коррупция билан боғлиқ бўлмоқда. Ҳозирги дунё аҳолисининг 1,9 миллиарддан ортиғини ёшлар ташкил этишини ҳисобга олганда, коррупцияга қарши кураш сайёрамизнинг деярли тўртинчи қисмининг келажаги учун ҳаётий аҳамиятга эга.
Агар охирги йиллардаги коррупцион жиноятлар статистикасига эътибор қаратилса, қуйидаги ҳолатни кўришимиз мумкин:
2023 йилда республика бўйича судлар томонидан жами 6535 нафар шахс (2022 йилда 7414 нафар шахс) коррупцияга оид жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилган бўлиб, 2022 йилга нисбатан жавобгарликка тортилган шахслар сони 879 нафарга ёки 12 фоизга камайган.
2024 йилда республика бўйича жами 6898 нафар шахс томонидан 5716 жиноят содир этилган. 2023 йилга нисбатан коррупцияга оид жиноятлар “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти, Сув хўжалиги, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда банк соҳасида камайган.
Бироқ олий таълим, транспорт ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида бу кўрсаткич ошган. Мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳаларида коррупцияга оид жиноятлар салмоғи юқорилигича қолмоқда.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимида 2024 йилда 309 та коррупцияга оид жиноятлар ҳоким ёрдамчилари фаолияти билан боғлиқ ҳолда содир этилган.
Ҳудудлар кесимида коррупцияга оид жиноятлар Тошкент вилоятида, Тошкент шаҳрида ва Самарқанд вилоятида энг кўп содир этилган ва аксинча, Бухоро ҳамда Хоразм вилоятларида коррупциявий жиноятлар кам содир этилган.
Статистик маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, ҳозиргача энг кўп содир этилган коррупцион жиноятлар мазмунини порахўрлик, товламачилик, фирибгарлик, валюта қоидасини бузиш, қалбаки пул ясаш ва ўтказиш, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш жиноятлари ташкил этмоқда.
Жорий йилнинг 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида коррупцияни йўқ қилиш бўйича амалга оширилган ишларни таҳлил қилиб, коррупция ислоҳотларни жадал амалга оширишда асосий тўсиқ эканлигини таъкидлади.
2017 йил 3 январда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши ушбу иллатга қарши курашнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб берди.
2020 йил 29 июнда “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилиб, коррупцион ҳолатларнинг барвақт олдини олиш тизими жорий этилди. Парламент палаталарида масъул қўмиталар, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ташкил этилди.
2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонига кўра коррупция ҳолатларининг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш ва унга қарши аёвсиз курашиш барча даражадаги давлат органлари раҳбар ва ходимларининг энг устувор вазифаси этиб белгиланди.
Афсуски, кўплаб инсонларнинг онгида коррупция оддий ҳодиса сифатида қабул қилинади. Коррупциянинг юзага келишига кўплаб сабаблар таъсир этиб, буларга фуқароларнинг паст ҳуқуқий маданияти ҳамда коррупцияга қарши тизимга бўлган ишончсизлик киради. Шубҳасиз, шахсий ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлаш, қонунларнинг таъсирчанлигини ва устуворлигини ошириш, ҳуқуқбузарликлар билан курашиш бўйича мақсадли ҳаракатларни амалга ошириш муҳим ҳисобланади. Коррупцияга қарши курашнинг барча шаклларида тизимли иш олиб бориш ҳамда ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш – барча даражадаги давлат ҳокимияти органларининг устувор вазифасидир.
Қабул қилинган қонунлар ва қонуности ҳужжатлар асосида жамиятда коррупция муаммосини жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқадиган шаффоф тизим ва очиқ муҳит яратилди. Бунга мисол қилиб, кейинги йилларда оммавий ахборот воситаларининг холислиги ортганлиги, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда технологик жараёнлар рақамлаштирилиб, инсон омилининг иштироки камайганлигини келтириш мумкин.
Таълим, қурилиш, йўл ҳаракати хавфсизлиги, тадбиркорлик, электрон давлат хизматлари каби соҳаларда коррупцион жиноятлар кескин камайиши кузатилмоқда. Бунинг натижасида республикамизнинг инвестиция жозибадорлиги ортиб, кўплаб хорижий компанияларнинг ишончига сазовор бўлмоқда.
Коррупцияни қабул қилиш индекси бўйича “Transparency International” халқаро ташкилоти ҳамда қонун устуворлиги бўйича “World Justice Project” халқаро нодавлат ташкилотининг рейтингларида Ўзбекистон йилдан йилга ўз ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда. Бироқ ҳали тўлиқ коррупциядан ҳоли бўлмаган соҳалар ҳам мавжуд.
Охирги етти йилда 120 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киритилиб, иқтисодиётимиз 2 баравар ўсди ва 2024 йилда 115 миллиард долларга етди.
Соҳаларда эришилган ютуқлар билан бирга ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаларида коррупциявий ҳолатларни бартараф этиш чораларининг самараси етарли эмас.
Жорий йилнинг 5 мартида ўтказилган йиғилишда Президент коррупцияга оид жиноятларнинг олдини олиш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг иш услуби ўзгартирилиши, тажриба тариқасида Соғлиқни сақлаш, Қурилиш, Сув хўжалиги вазирликлари, Нефть-газ ва Сув таъминот жамиятларининг комплаенс назорати агентликка ўтказилишини маълум қилди.
Агентлик туманлар даражасида маиший ва тизимли коррупция омилларини чуқур ўрганиши ва таҳлиллар натижаси бўйича аниқ чоралар ишлаб чиқиб, Миллий кенгашга тақдим этиши белгиланди.
Давлат хизматчилари даромадини декларациялашга оид қонуннинг амалга киритилиши мансабдор шахсларнинг коррупцион жиноятларни содир этиш ҳолатларини кескин камайтиради.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ва аниқ мақсадга йўналтирилган ташаббусларнинг ҳаётга татбиқ этилиши орқали коррупцияга қарши курашишда парламент, Миллий ва ҳудудий кенгашлар, фуқаролик жамияти институтларининг роли ошади.
Шубҳасиз, коррупцияга қарши аёвсиз курашиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини беради ва Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилайди.
Б.Алибоев, Н.Гулямов,
Жамоат хавфсизлиги университети
доцентлари.