Коррупция – ривожланишимизга тўсиқ
Коррупция давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, давлатнинг конституциявий асосларини ва қонун устуворлигини заифлаштиради, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади.
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда ва бу борадаги саъй-ҳаракатлар қатъий, ортга қайтмас тус олган.

Тошкент давлат шарқшунослик университетида ҳам “Коррупция – ривожланишимизга тўсиқ!” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги масъул ходимлари иштирок этди.

Тадбирда коррупция давлат ва жамият фаровонлиги учун энг жиддий хавф-хатарлардан бири экани қайд этилиб, ушбу иллат келтириб чиқарадиган оқибатлар таҳлил қилинди. Шунингдек, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бугунги кунда ниҳоятда долзарб масала бўлиб, бу борада нафақат масъул идоралар, балки кенг жамоатчилик ҳам ҳамжиҳат ва ҳамфикр бўлиши керак.
Мамлакатимизнинг келажагини ўйлайдиган, обрў-эътибори юксак бўлишини истаган ҳар бир фуқаро коррупциянинг зарарли оқибатларини доимо эсда тутмоғи ва унга қарши курашмоғи шарт.
Алишер Назаров,
Тошкент давлат шарқшунослик университети бўлим бошлиғи.
ЎзА