Коррупция: Даволашдан кўра, касалликнинг олдини олиш яхшироқдир
Тошкентда 16 июнь куни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар коррупцияга қарши курашиш идоралари раҳбарлари ва Омбдусманларининг 4-йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Эрон Ислом Республикаси Коррупцияга қарши курашиш Бош инспекцияси агентлиги раиси Ҳасан Дарвешиён Боязий ҳам иштирок этди. У билан эксклюзив интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз.
– Боязий жаноблари, коррупцияга қарши курашиш идоралари раҳбарлари ва Омбдусманларининг 4-йиғилишида бу иллатга қарши қақшаткич кураш ИҲТ аъзо давлатлар учун ўта муҳим масала экани айтилди. Сиз раҳбарлик қилаётган идора бу борада қандай иш олиб бормоқда?
– Бисмиллоҳир раҳмонир роҳим. Коррупцияга қаршиш курашиш Бош инспекцияси барча ижро ва маъмурий органлари фаолиятини назорат этувчи мустақил ташкилотдир. Бутун дунёда коррупцияга қарши кучли кураш олиб борилмоқда. Эрон Ислом Республикасида ҳам энг муҳим масалалардан бири коррупцияга жиддий курашдир. Фикримча, бугунги кунда дунёнинг барча давлатларида энг қийин ва шу билан бирга, ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолардан бири коррупцияга қарши курашишдир. Агар ҳаммамиз сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий юксалишларга эришмоқчи бўлсак, ривожланиш доирасини кенгайтиришни истасак, шу иллатга қарши жиддий кураш олиб боришимиз шарт ва зарур.
– Яъни ўшанда ривожланиш жараёни барча соҳаларда осон кечади, шундайми?
– Албатта. Эрон Ислом Республикаси расмийларининг кучли иродаси айнан коррупцияга қарши курашишга қаратилган. Буни бир қанча йуналишларда умумлаштириш мумкин. Масалан, коррупция ботқоғига ботган ва бу иллат илдизи чуқурлашган ташкилотлар биздаям бор. Айнан шу ерда жиддий қарши курашишни амалга ошириш зарур бўлади. Агар биз коррупцияни келтириб чиқарадиган тизимларга нисбатан назоратни яхши йўлга қуйсак, бу иллат кенгайиб боришининг олди олинади ва уни камайтиришга эришамиз. Қолаверса, Эрон Ислом Республикаси баъзи қонун ва қоидаларга ўзгартиришлар киритиш йўли билан бундай натижаларга эришишни ўз олдига мақсад қилиб қуйган. Улардан бири манфаатлар тўқнашувидир. Яъни кимдир давлат тизимида ишлаб туриб, ташқарида бўлаётган коррупцион ишларга қизиқиш билдиради. Шундай ҳолатда дарров олди олиниши зарур.
– Яна қайси омиллар мамлакатингизда коррупцияни камайтириши учун асос бўлиши мумкин?
– Бу саволингизга шундай жавоб беришим мумкин: коррупцияни камайтириш ва унинг олдини олишдаги муҳим омиллардан бири шаффофликни яратишдир. Битимлардаги шаффофлик, экспорт ва импортдаги шаффофлик ва барча давлат идораларининг фаолиятидаги шаффофлик ана шундай муҳим омиллардан ҳисобланади. Биз суд тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича барча ижро органларининг таклиф ва истакларини қайд этиб бориш учун ақлли веб-сайт яратишни лозим кўрдик. Шу орқали барча ижро идораларининг фаолияти назорат остига олиниши таъминланди.
– Эрон Ислом Республикасининг коррупцияга курашиш инспекцияси қайси соҳаларни қаттиқ назорат остига олишни назарда тутмоқда?
– Биласизми, коррупция энг тарқалган соҳалар ҳақида айтадиган бўлсам, молия, пул ва божхона соҳалари ҳақида тўхтаб ўтишни афзал кўрардим. Айтиб ўтганимдек, веб-сайтларнинг ишга туширилиши биздаги коррупцияга қарши курашиш борасида қўлга киритган муваффақиятларимиз даражасини 80-90 фоизга оширди. Чунки молиявий, пул, божхона, экспорт, импорт ва товарларни тарқатиш билан боғлиқ барча ишлар ушбу марказлашган ақлли веб-сайтда қайд этилади ва уни кўриб туриш мумкин. Бошқача айтганда, божхона орқали рухсат берилган ёки тарқатилган барча товарлар веб-сайт орқали кузатилади, шунинг учун коррупцияга қарши кураш ва унинг олдини олиш ишлари нисбатан осонлашиб бормоқда.
– Эронда катта лавозимда ишлаётган ва қонунларингизга хилоф иш қилган шахслар сиз раҳбарлик қилаётган идора ходимлари томонидан қаттиқ тафтиш қилинадими?
– Бу саволингизга жавоб орқали сизга ўз қарашларимни тушунтиришга ҳаракат қиламан. Фикримизча, коррупцияга қарши курашиш ва уни олдини олишнинг яна бир усули кучли ирода ва коррупция билан шуғулланадиган шахсларга нисбатан адолатли ёндашувдир. Яъни агар биз юқори мартабали одамлар билан жиддий муомала қилмасак, уларнинг ишини адолат билан фош этмасак-да, аммо жамиятимиздаги оддий қатлам вакилларига нисбатан чоралар кўришни давом эттирсак, ҳеч қачон коррупцияга қарши курашишда муваффақият қозона олмаймиз. Шу маънода, Эрон Ислом Республикасида ушбу жиноятни ким содир этганлиги муҳим эмас. Аслида, биз катта лавозимни эгаллаган шахслар билан кўпроқ жиддий муносабатда бўламиз.
– Коррупция билан шуғулланганларга Эрон Ислом Республикасида қандай жазо берилади?
– Бизнинг мамлакатда коррупцияга қўл урган шахсларга нисбатан қаттиқ жазо чоралари қўлланилади. Бундай кишиларга 20-30 йиллик қамоқдан бошлаб ўлимга маҳкум қилишга қадар жазо берилади. Бундан ташқари, улар жуда катта миқдордаги жарима тўлашлари лозим. Яқинда Эронда бир гуруҳ суд қилинганлар 20-30 йилга қамалдилар ва миллиардлаб туман (туман – Эрон миллий пул бирлиги) жарима тўлашга маҳкум этилди. Коррупционерлар кейинчалик сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий фаолият билан шуғулланишдан ҳам чекланади. Уларнинг номзодлари ҳатто шаҳар ва туман депутатлигига қўйилмайди. Агар бирон ташкилотда раҳбарлик лавозимини эгаллаган бўлса, дарҳол ба лавозимдан четлатилади.
– Ўзбекистон Республикасида юқори лавозимни эгаллаган ва коррупцияга қўл урган шахслар кейинчалик қандай жазоларга маҳкум бўлишлари ҳақида маълумотлар кўп эмас. Эрон Ислом Республикасида бу ҳолатни қандай шарҳлайсиз?
– Ўйлашимча, коррупцияни олдини олувчи омиллардан бири унинг оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинишидир. Одамларимиз билиши керакки, ҳукумат қанчалик коррупцияга қарши кураш борасида жиддий шуғулланяпти. Бундан ташқари, ахборот тарқатиш орқали коррупцияга аралашган шахслар аҳоли ўртасида обрўси бир пул бўлишини, келажак авлодиниям шаънига хавф туғдирганини англаши лозим. Агар шахс ўз обрўсини ҳар қандай пулу молдан устун қўйса, коррупцияга қўл урмайди. Биз доимий равишда бу борада одамларни огоҳлантириб борамиз. Халқимизда шундай ибратли гап бор: “Даволашдан кўра, касалликнинг олдини олиш яхшироқдир”. Шунинг учун коррупцияга қарши курашиш доирасида биз жамиятимиздаги бу иллат келиб чиқишини камайтирамиз.
– Боязий жаноблари, Эрон Ислом Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши кураш борасида қандай ҳамкорлик қилишни режалаштирмоқда?
– Коррупцияга қарши курашиш идоралари раҳбарлари ва Омбдусманларининг 4-йиғилиши қарорига кўра ИҲТнинг Омбдусманлар котибияти идораси Теҳронда жойлашади. Биз ислом мамлакатлари ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Омбдусманлари билан мунтазам ҳамкорлик қилиб келяпмиз. Коррупцияга қарши курашдаям муштарак ҳаракатларимизни давом эттирамиз. Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз доираси кенгайиб бораверади. Чунки бир-биримизнинг тажрибамиздан бирлик ва ҳамжиҳатликдан фойдаланиш, албатта, коррупцияга қарши курашишимизда катта имкон яратади, деган умиддаман. Қолаверса, бундай ҳамжиҳатликда бу иллат билан курашиш барча аъзо давлатлар манфаати учун хизмат қилади.
– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.
Мирасрор АҲРОРОВ суҳбатлашди