Корпоратив бошқарув – самарали тизим
Мамлакатимиз истиқлолга эришганидан кўп ўтмай иқтисодий мустақилликни қўлга киритди. Юртимизда халқаро бизнес тартиб-тамойиллари, янги атамалар пайдо бўлди.
Мамлакатимиз истиқлолга эришганидан кўп ўтмай иқтисодий мустақилликни қўлга киритди. Юртимизда халқаро бизнес тартиб-тамойиллари, янги атамалар пайдо бўлди.Тошкентлик Аббос Гамзаев бир неча йил аввал “Uztex Tоshkent” қўшма корхонасида маркетинг бўйича менежер сифатида иш бошлаганида танишлари ҳайрон бўлганди. Бу қандай касблигини, унинг вазифалари нималардан иборат эканини сўрашди.
А.Гамзаев менежерлик лавозими ўнлаб йўналишларга бўлинишини, ҳар бир корхона ўз ихтисослиги ва талабларидан келиб чиқиб унинг вазифаларини белгилаб олишини, маркетинг бўйича менежер истеъмолчиларни ўрганиш ва истиқболли бозорни танлаш билан шуғулланишини тушунтиравериб хуноб бўлганди.
Бугун бу каби атамаларни изоҳлаб ўтиришга ҳожат йўқ. Мамлакатимиз ривожлангани сари замонавий соҳалар ҳаётимиздан кенг ўрин олмоқда. Одамларнинг онгу тушунчаси ўзгариб бораётир. Иқтисодиётда амалга оширилаётган таркибий ўзгаришларга мос равишда лавозимлар номенклатураси ҳам янгиланиб бормоқда. Эски даврга хос, ўз умрини ўтаб бўлган лавозимлар ўрнига, янгилари пайдо бўлмоқда. Тижорат директори, молия директори, мижозлар билан ишлаш ва харидлар бўйича лойиҳа менежери, ташқи иқтисодий алоқалар бўйича менежер, бренд-менежер, экаунт-менежер, брокер, рекрутер, промоутер, аквизитор, импресарио, мерчендайзер, медиа-байер, оnline-муҳаррир, online-сотувчи каби янги мутахассисликлар оммалашмоқда.
“Uztex” компаниялари гуруҳидаги “Uztex Tоshkent”, “Eurotex”, “Uztex Chirchiq”, “Uztex Shovot” каби корхоналарда ҳам замонавий лавозимлар, корпоратив бошқарув усуллари жорий этилган. Бу ишни самарали ташкил этиш, тартиб-интизомни таъминлаш ва компанияни ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда. Натижада ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажми изчил ўсаётир.
Мамлакатимизда бундай компаниялар сафи кенгайиб бормоқда. Чет эл капитали ва корпоратив бошқарувнинг хорижий услубларига асосланган корхоналар ҳар томонлама ривожланмоқда.
Президентимиз Ислом Каримов мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида мулкчиликнинг мазкур шакли аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди. Корпоратив бошқарув тизимидаги принцип ва ёндашувларни тубдан ўзгартириш, ишлаб чиқариш, ташқи иқтисодий ва инвестиция жараёнларига замонавий халқаро корпоратив менежмент стандартларини жорий этиш зарурлигини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 апрелда қабул қилинган “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ушбу мақсад йўлидаги муҳим қадам бўлди. Фармонга мувофиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, бўлажак инвесторлар учун уларнинг очиқлиги ва жозибадорлигини таъминлаш, замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий қилиш, корхоналарни стратегик бошқаришда акциядорлар ролини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Ушбу ҳужжатда давлат улушига эга акциядорлик жамиятларининг раҳбарлари таркибини корпоратив бошқарувнинг замонавий усуллари ва тамойиллари, менежмент ва маркетингни, ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда уларни ишлаб чиқаришни бошқариш тизимида қўллай билиши бўйича аттестациядан ўтказиш ва унинг якунлари бўйича бўшаган лавозимларга янгича фикрлайдиган, замонавий талабларга жавоб берадиган юқори малакали раҳбарлар, шунингдек, хорижий менежерларни жалб этиш чораларини кўриш белгилаб берилган.
– Корпоратив бошқарув акциядорлар, менежерлар, кредиторлар, ҳамкорлар, мижозлар, ходимлар каби компания фаолиятига алоқадор барча шахсларнинг манфаатлари инобатга олинган ҳолда бошқариладиган тизимдир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Давлат активларини бошқариш маркази бош директори Исмат Нусуров. – Улар компанияга тегишли қарорлар қабул қилиш ва компанияни бошқаришда иштирок этади. Корпоратив бошқарув тизими ишлаб чиқариш ҳажми ва сифатини ошириш, пул маблағларидан самарали фойдаланиш, меҳнат унумдорлигини ошириш, инвестицион ва инновацион лойиҳаларни молиялаштириш учун керакли маблағларни жалб қилиш, рентабеллик даражасини оширишда муҳим ўрин тутади. Президентимиз фармони ушбу тизимни халқаро тажриба асосида такомиллаштириш, акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этишга хизмат қилади.
Корпоратив бошқарувни ривожлантириш давлат мулкини акциядорлик жамиятларига айлантириш орқали хусусийлаштириш билан ҳам боғлиқдир. Бундай ишлар натижасида юртимизда мингдан зиёд акциядорлик жамияти ташкил этилган. Бир миллиондан ортиқ фуқаро уларнинг акцияларига эга. Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ўсишига муносиб ҳисса қўшаётган йирик корхоналар акциядорлик жамияти шаклида фаолият юритаётгани ҳам корпоратив бошқарув соҳасини ривожлантириш улкан аҳамият касб этишидан далолатдир.
Вена молиявий ҳисобдорлик тизимини ислоҳ қилиш маркази раҳбари Анри Фортиннинг айтишича, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусий сектор ривожланишини рағбатлантириш дунёнинг аксарият давлатларида долзарб вазифадир. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича пухта ўйланган стратегиянинг амалга оширилаётгани ва менежерларнинг чуқур билимга эга экани ушбу жараён муваффақиятини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.
Мамлакатимизда чет эл капитали ва корпоратив бошқарувнинг хорижий усуллари асосида ташкил этилган корхоналар кўпайиб бормоқда. Бугунги кунда юртимизда тўқсондан ортиқ давлат инвесторлари иштирокида тузилган тўрт мингдан зиёд корхона муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. Ушбу компаниялар Ўзбекистонда ҳам, хорижда ҳам яхши маълум. Ўзбекистон ҳудудида корпоратив бошқарувнинг хорижий усулларига асосланган, дунёнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этилган “GM Uzbekistan”, “Sam Auto”, “JV MAN Auto – Uzbekistan”, “General Motors Powertrain Uzbekistan” сингари кўплаб корхоналар шулар жумласидандир.
“Ўзавтосаноат” акциядорлик компаниясининг маълумотларига кўра, бугунги кунда автомобилсозлик саноатига ихтисослашган бундай компанияларда 23 мингдан ортиқ киши меҳнат қилмоқда. Бошқарувнинг турли йўналишларига ихтисослашиб иш юритаётган, ўз вазифасини пухта бажараётган малакали мутахассислар фаолияти ишлаб чиқариш самарадорлигининг янада ошишига, мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ривожланишига хизмат қилмоқда.
Халқаро валюта жамғармаси низомининг IV моддасига мувофиқ, 2015 йилги маслаҳатлар доирасида жамғарманинг Ўзбекистон Республикасидаги миссиясига оид ҳисоботида мамлакатимизда давлат мулки бўлган 1500 дан зиёд объектни корпоратив бошқаришни мустаҳкамлаш ва хусусийлаштириш тўғрисидаги қарори ижобий баҳоланган. Ташкилот мутахассислари 2015 йилда иқтисодий ўсиш кутилганидек юқори бўлишини таъкидлаб, бунга Ўзбекистонда яқинда қабул қилинган саноат ва инфратузилмани модернизация қилиш, шунингдек, таркибий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда иқтисодиётда давлатнинг ролини камайтириш имконини берадиган хусусийлаштириш ва корпоратив бошқарув дастурлари самарасида эришилишини қайд этган.
Иқтисодиётнинг барча тармоқ ва соҳаларида замонавий корпоратив бошқарув тизимини кенг жорий этиш мақсадида турли халқаро анжуман ва учрашувлар ўтказилмоқда. Бу йўналишда малакали бошқарувчи мутахассислар билан фикр ва тажриба алмашилмоқда.
Жанубий Корея фонд биржаси ва “Korea Investment and securities” компанияси экспертлари ҳам Ўзбекистонда корпоратив бошқарув тизимини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларга қизиқиш билан қарамоқда. Жанубий Корея фонд биржаси департаменти бошлиғи Стив Дайчун Ким мамлакатимиз ушбу йўналишда йил сайин ривожланиб бораётганини таъкидлади. Хусусан, акциядорлар ва бўлажак инвесторларнинг акциядорлик компаниялари ҳақидаги ахборотдан фойдаланиши кенгайтирилган, акциядорлик компанияларини таъсис этиш, жамиятлар акцияларини оммавий таклиф этиш орқали жойлаштиришга тааллуқли нормалар мустаҳкамланган.
Ушбу саъй-ҳаракатлар самарасида мамлакатимизда замонавий корпоратив бошқарув усуллари янада кенг жорий этилмоқда. Бу ишлаб чиқариш, инвестиция, моддий-техник, молиявий ва меҳнат ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширади. Пировардида корхоналаримиз барқарор ривожланади, халқимиз ҳаёти янада фаровон бўлади.