Коронавирус: Қозоғистонда бугун нима гап?
Шунга қарамасдан, 20 апрелдан Қозоғистонда айрим корхоналар фаолияти тикланди.
Қозоғистонда коронавирусдан касалланиш билан боғлиқ янги ҳолатлар қайд этилиши давом этяпти. Демак, мамлакат Бош санитар шифокорининг фикрича, карантин ҳали-бери тугамайди. Шунга қарамасдан, 20 апрелдан Қозоғистонда айрим корхоналар фаолияти тикланди.
Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумоти: Беморлар -1735 киши. Соғайганлар – 401 нафар. Ўлим ҳолати – 19 та.
Кеча Алмати шаҳрида COVID-19 ташхиси билан шифохонага ётқизилганлардан яна икки нафари вафот этди. Уларнинг аҳволи ўта оғир, дея баҳоланган эди.
Шифокорлар маълум қилишича, 1958 йилда туғилган эркакни инфекциядан ташқари ўткир деструктив панкреатит, анемиянинг оғир шакли, артериал гипертония каби яна бир неча йўлдош хасталиклар ҳам безовта қилган. Бемор юрак фаолияти тўхташи оқибатида жон берган.
Иккинчи бемор — 1931 йилда туғилган аёл ҳам ўта оғир аҳволда бўлган. Марҳумага юракнинг ишемик хасталиги, артериал гипертензия, дисциркулятор энцефалопатияси сингари жиддий ташхислар ҳам қўйилган эди.
Алмати шаҳрида 20 апрель куни COVID-19 билан боғлиқ 524 та янги ҳолат қайд этилган. Юқумли касалликлар стационарларида коронавирус инфекциясидан 436 киши даволанмоқда. Улардан бири Алмати вилоятидан.
Қозоғистонда икки беморнинг аҳволи ўта оғир, олти киши оғир аҳволда, 138 киши ўрта даражада хасталанган. Қолган мижозлар ҳолати — қониқарли. 84 киши коронавирус инфекциясини енгиб ўтган.
Провизор госпиталларида 294 бемор мавжуд, 520 киши карантин изоляциясига олинган, 9 764 фуқаро уй карантинида.