Корхонанинг экспорт салоҳияти юксалмоқда
Тадбиркор Шавкат Айтбоев раҳбарлик қилаётган “Тўрткўл тупроғи” оилавий корхонасида қайта ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ташқи бозорда ҳам харидоргир.
Тадбиркор Шавкат Айтбоев раҳбарлик қилаётган “Тўрткўл тупроғи” оилавий корхонасида қайта ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ташқи бозорда ҳам харидоргир.– Президентимиз раҳнамолигида яратилаётган шароитлардан фойдаланиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлайдиган оилавий корхона ташкил этдик, – дейди Ш.Айтбоев. – Ўз маблағимиз ва банкдан олинган 300 миллион сўмлик кредит эвазига замонавий ускуналар келтириб ўрнатдик. Шаҳарда тўхтаб қолган корхона биносини ижарага олдик. 2015 йилдан бошлаб қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, жумладан, кунжут ҳосилини қайта ишлаб, четга чиқара бошладик. Шу кунга қадар 200 минг долларлик маҳсулотни экспорт қилдик. Хорижда ловия ва мошга ҳам талаб жуда юқори. Шунинг учун ушбу маҳсулотларни тозалаб, саралаб сотишни йўлга қўйдик. “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” савдо белгиси остида қадоқланиб сотилаётган маҳсулотимиз сифатидан хорижлик ҳамкорлар мамнун. Жорий йилда экспорт ҳажмини икки баробар оширишни режалаштирганмиз.
Корхона хомашёни асосан бозордан сотиб оларди. Жорий йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикасидаги 20 дан зиёд фермер хўжалиги билан ҳамкорлик шартномалари тузилди. 10 га яқин ишчи меҳнат қилаётган оилавий корхонада ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва маҳсулот сифатига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг 2016 йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамиятга эга.
Истеъмол бозорини йил давомида озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдиришга ҳисса қўшаётган, шунингдек, ташқи бозорга харидоргир ва рақобатбардош қайта ишланган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилаётган тадбиркор Шавкат Айтбоевнинг ниятлари улкан. Келгусида корхона фаолиятини кенгайтириш ва маҳсулот турини янада кўпайтиришни режалаштирган.