Корхонада 53,3 миллион сўм иқтисод қилинди
Коронавирус пандемияси туфайли эълон қилинган карантин даврида цех фаолияти тўхтатилган эди.
“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ташаббуси билан ишлаб чиқариш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида ўтган йили “Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти қошида траверс ва металл конструкциялар ишлаб чиқариш цехи ташкил қилинган эди.
Коронавирус пандемияси туфайли эълон қилинган карантин даврида цех фаолияти тўхтатилган эди. Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ишлаб чиқариш субъектлари фаолиятини қайта тиклаш бўйича белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, “Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ раҳбарияти томонидан карантин ва инфекция тарқалишининг олдини олиш бўйича белгиланган тартибларга амал қилинган ҳолда ишлаб чиқариш жараёни йўлга қўйилди. Ишчилар ҳимоя ниқоблари, қўлқоплар, антисептик воситалар билан таъминланди, цехда вақти-вақти билан дезинфекция ишлари ҳам ўтказилмоқда.
Мазкур цехида электр тармоқлари тизими иш жараёнида кенг фойдаланиладиган ускуналар, яъни ОГ-1, ОГ-2, М-1, М-3 ва бошқа турдаги темир қурилмалар тайёрлаб келинади. Қурилмаларни тайёрлашда замонавий токарлик дастгоҳларидан фойдаланилаётгани уларнинг сифатли ҳамда белгиланган меъёрлар асосида бўлишини таъминламоқда.
– Айни кунда цехда 12 турдаги сифатли темир қурилмалар тайёрланмоқда, – дейди “Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти раҳбари Ахаджон Жўраев. – Таъкидлаш керакки, вилоят электр таъминоти тизимида ушбу маҳсулотларга бўлган эҳтиёж асосан шу ерда ишлаб чиқарилаётган қурилмалар ҳисобига қопланмоқда. Қолаверса, бу корхонамизга маълум миқдордаги маблағни иқтисод қилиш ҳамда янги иш ўринлари яратиш имконини берди.
Ўтган давр давомида цехда умумий қиймати 50,9 миллион сўмлик 1 минг 540 дона траверслар тайёрланди. Натижада корхона томонидан 53,3 миллион сўм миқдоридаги маблағ иқтисод қилинди.