Байрам арафасида Жиззах вилоятида ҳам бир қатор янги бинолар фойдаланишга топширилмоқда. Уларнинг бири Шароф Рашидов туманининг Маданият маҳаласида, иккинчиси эса Совунгарлик маҳалласида барпо этилди.
"Маданият" маҳалла фуқаролар йиғини учун қурилган янги бино барча қулайликларга эга бўлиб, кўрган кишининг кўзи қувнайди, ҳаваси келади.


Мазкур бинонинг очилиш маросимида вилоят ва туман раҳбарлари, маҳаллий жамоатчилик ва фаоллар иштирок этиб, қишлоқ аҳлини янги иншоот билан табриклашди.Шунингдек, маҳалланинг икки нафар қизи олий таълим муассасасига грант асосида қабул қилингани муносабати билан уларнинг ота-оналарига сертификатлар топширилди.

Маҳаллада яқин вақт ичида қурилиши якунланадиган 200 ўринли мактабгача таълим муассасаси ҳам шу йўналишдаги кенг қамровли ишларнинг давоми бўлиб, замонавий инфратузилманинг чекка ҳудудларгача етиб бораётганлигини кўрсатади.

“Совунгарлик” маҳалла фуқаролар йиғинининг аҳлини эса ёшлар учун муҳим лойиҳа — янги қурилган стрит-воркаут спорт майдончаси ниҳоятда қувонтирди. Мазкур спорт иншооти маҳалладаги ёшлар ташаббуси, уларнинг спортга муҳаббати ва фаол иштироки асосида бунёд этилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари