Кореяда меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган ватандошлар юртимиз тараққиётига ҳисса қўшишларини билдирди
Сенат Раиси Танзила Норбоева Корея Республикасида меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган ватандошлар билан учрашди.
Учрашувда Президент раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшлар сиёсатининг устувор йўналишлари, хусусан, хорижда меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда касбий ривожланиши учун яратилган имкониятлар ҳақида сўз юритилди.

Ватандошлар Президент Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган самимий учрашувни мамнуният билан эслаб, ўз фикр ва ташаббусларини бевосита етказиш имконияти яратилгани учун миннатдорлик билдирди.
Улар мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётганини фахр билан таъкидлаб, юртимиз тараққиётига ўз билим ва тажрибалари билан ҳисса қўшишга тайёр эканини таъкидлади.

Очиқ мулоқот руҳида ўтган учрашувда таълим, меҳнат миграцияси, ижтимоий ҳимоя, илм-фан, инвестиция ва маданий ҳамкорлик йўналишларида қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА