Корея коронавирус эпидемиясини қандай жиловлай олди?
Қудратли иқтисодиёт, аҳоли интизоми, аниқ ва тезкор ҳаракатлар, энг муҳими, ҳукумат билан халқ ҳамжиҳатлиги олдида ҳар қандай бало чекинишга мажбур.
Қудратли иқтисодиёт, аҳоли интизоми, аниқ ва тезкор ҳаракатлар, энг муҳими, ҳукумат билан халқ ҳамжиҳатлиги олдида ҳар қандай бало чекинишга мажбур.
Корея Республикаси янги коронавирус эпидемияси хуружини биринчилардан бўлиб қарши олган давлатларнинг бири ҳисобланади. Айни пайтда мамлакат коронавирусга чалиниш ва ўлим ҳолатлари кўплиги бўйича биринчи ўнталик рўйхатни тарк этди. Вирусга чалинган қарийб ўн минг беморнинг ярмидан кўпи соғайиб оиласи бағрига қайтган.
Шу кунларда Хитой Халқ Республикасининг коронавирус устидан ғалаба қозонгани ҳақида кўп гапирилмоқда, ёзилмоқда. Жанубий Кореяда ҳам ўтган икки ҳафтадан буён коронавирусга чалиниш кундан-кун камаймоқда. Шу сабабли кўпчиликда Корея Республикаси ҳукумати қандай қилиб эпидемия тарқалишини тез фурсатда жиловлай олди, деган савол пайдо бўлмоқда.
Корея Республикасидаги Westminster университети магистранти, ўзбекистонлик Ғиёсиддин ТЎРАЕВ бу ҳақда қуйидагиларни гапириб берди:
Аҳвол аста-секин яхшиланяпти
– Вирусга чалиниш ҳолати ҳозирда кореялик фуқароларда деярли учрамаяпти. Вирус асосан хорижликлар, жумладан, Европа мамлакатларидан саёҳат ёки иш билан келаётган одамларда қайд қилиняпти. Улар дарҳол карантинга олинмоқда. Карантин тартибини бузганлар ҳам учрайди, улар ҳам асосан хорижликлар. Маҳаллий аҳоли вакиллари карантин тартибларини бузганини кўрмадик.
Мамлакатда кўнгилочар жойлар, масалан, караоке, кинотеатрлар, тунги клублар, компьютерхоналар ёпилган.
Вирус аниқланса дарҳол смс жўнатилади
Корея Республикасида тиббиёт яхши ривожланган, ҳар қандай кутилмаган ҳолатда ҳам вақтида тезкор чора кўрилади. Қолаверса, 24 соат давомида “колл марказлар” ишлаб турибди. Бемор ўзида вирус симптомларини сезса, ушбу рақамга қўнғироқ қилади ва "тез ёрдам" келиб уни олиб кетади.
Бу ерда ҳам бутун дунёдаги каби асосан кекса ёшдагилар ёки сурункали хасталиги бор беморларда касаллик оғир кечаяпти. Лекин ўлим ҳолатлари бошқа мамлакатларга қараганда кам. Масалан, вирусга чалинганлар сони 10 мингга яқинлашиб қолган бўлса ҳам, ўлим ҳолатлари кам кузатиляпти. Айни пайтда, мамлакатда коронавирус тарқалиши энг кўп қайд этилаётган шаҳарлар асосан Тэгу билан Сеул бўлиб қолмоқда.
Кореяда бирор жойдан, масалан, уйдан ёки меҳмонхонадан вирусга чалинган аниқланса, дарҳол шу жойдан коронавирусга чалинган одам чиққани ҳақида барчага смс жўнатилади. Натижада одамлар ўша жойга боришдан ўзини тияди ёки эҳтиёт чораларини кўради.
Тарғибот ишлари яхши йўлга қўйилган
Мамлакат рақамли иқтисодиёт ёки интернет бўйича дунёда олдинги ўринларда туради. Шу боис бу ерда коронавирусга қарши кураш доирасида тарғибот ишлари ҳам жуда яхши йўлга қўйилган. Телевидение ва радиода, ижтимоий тармоқларда, метрода вирусдан ҳимояланиш йўллари, инсон шунга ўхшаш эҳтимолий вазиятга тушиб қолганда ўзини қандай тутиши лозимлиги ҳақидаги видеороликлар мунтазам бериб борилмоқда.
Сўзсиз шахсий гигиенага амал қилиш лозим. Корейслар шахсий гигиенага жиддий амал қиладиган халқлардан. Жамоат транспорти, хусусан, метро ва автобусларда дезинфекция воситалари қўйилган. Йўловчилар транспортни тарк этаётганда қўлларини антисептик воситалар билан тозалаб, сўнг тушади.
Жамоат жойларида ниқоб тақиш мажбурий
Ҳозир бутун дунёда ниқоб танқислиги мавжуд. Жанубий Кореяда бунинг ҳам чораси кўрилган. Бу ерда одамларнинг туғилган йили охирги рақамига қараб ниқоб тарқатиш жорий этилган. Масалан, мен 1991 йил туғилган бўлсам, охирги рақам бир бўлган одамлар душанба куни, икки бўлган кишилар сешанба куни дорихонага келади. Шунда ноқулайликлар бўлмайди, барча навбатига қараб ниқоб олади.
Лекин кунига икки донадан ортиқ ниқоб берилмаяпти. Қолаверса, ниқоблар фақат миллий суғуртаси бор одамларга бериляпти. Хорижликларга суғуртаси йўқ бўлгани учун ниқоб берилмаяпти. Улар асосан, талабалар ва ишчи мигрантлар. Аммо бу муаммонинг ҳам чораси кўриляпти. Яқинда хабар тарқалди, хорижликларга ҳам 130 мингта ниқоб тарқатилар экан.
Лифтлар ишламаяпти
Яна бир янгилик, биноларда лифтлардан фойдаланиш чеклаб қўйилган. Бу табиий ҳол, чунки лифтда ҳар хил одам лифт тугмачаларини босади ёки бир неча йўловчи бир пайтда чиқади. Бу вирус тарқалиши хавфини оширади. Шу боис 4-5 қаватли биноларда одамлар зина орқали чиқиб тушяпти. Бу каби вақтинчалик ноқулайликлардан ҳеч ким шикоят қилаётгани йўқ.
Дезинфекция воситалари танқис эмас
Одамлар дезинфекция воситаларини уйига келтириб қўйган. Бундай воситалар танқис эмас, уларни исталган савдо дўконида топиш мумкин. Озиқ-овқат ҳам етарли, ҳеч ким ваҳимага тушиб, дўконларга югурмайди. Супермаркетлар ишлаб турибди. Нарх-наво ҳам ўзгаргани йўқ. Товарлар аввал қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай нархда сотилмоқда.
Тўғри, бу ерда ҳам озиқ-овқатга талаб ошган, яна женьшень дорисига ҳам.
Корейс халқи навбат тартибига амал қилади. Навбатда туриш бу ерда қадрият даражасига етган десак, муболаға эмас. Дўконлар, дорихоналар, банкларда аҳоли ҳар доим навбатда туради, натижада ҳеч кимга ноқулайлик туғилмайди.
Интернет савдоси авжида
Кореяда интернет савдоси ривожланган, одамлар супермаркетларга кам бормоқда. Аҳоли асосан зарур маҳсулотларга интернет орқали буюртма бераяпти. Бир сўз билан айтганда, Кореяда интернет савдоси билан шуғулланаётган компанияларнинг даври келди.
Афсуски, коронавирус балоси Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Аммо, офат тарқалишининг ўз вақтида олдини олиш учун давлатимиз томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғри ва ўз вақтида қабул қилинди.
Айниқса, янги турдаги коронавирус эпидемиясига қарши глобал кураш доирасида Ўзбекистонда кам таъминланган оилаларни ҳимоя қилиш, тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш, иқтисодиёт учун ушбу инқирозни имкон қадар талафотсиз ўтказиш мақсадида комплекс чора-тадбирлар қабул қилинаяпти. Чунки, коронавирус тарқалишига қарши ўз вақтида чора кўрмаган мамлакатларда вазият қандай тус олаётганидан хабардормиз.
Ҳар қандай офатга қарши курашда аввало, ҳамжиҳатлик, жорий этилаётган тартибларга сўзсиз амал қилиш, интизом жуда муҳим. Бунга биз Корея Республикасида туриб амин бўлаяпмиз. Ишончимиз комил, халқимиз эпидемия балосидан талафот кўрмай чиқиб кета олади.
ЎзА мухбири
Саидмурод РАҲИМОВ
ёзиб олди.