Корея билан ҳамкорликнинг янги йўналиши
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Корея Республикасининг Сун Моон университети халқаро алоқалар бўйича декани Чои Жаэ Сунг билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда институт раҳбарияти ва тегишли масъуллар иштирок этиб, икки олий таълим муассасаси ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, халқаро таълим лойиҳаларини амалга ошириш ва ўзаро алоқаларни ривожлантириш масалалари бўйича фикр алмашилди.

Таъкидлаш жоиз, ушбу учрашув Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги алоқалар жадал ривожланаётган даврга тўғри келмоқда. Жорий йилнинг 13-16 сентябрь кунлари Президентимизнинг ушбу мамлакатга давлат ташрифи доирасида икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадида тарихий келишувларга эришилган эди.
Учрашувда мана шундай олий даражадаги алоқалар натижасида яратилаётган янги имкониятлар, жумладан, олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Мулоқот давомида сунъий интеллект, IT, экология ва табиий ресурслар йўналишида “2+2” дастурини йўлга қўйиш, корейс тилини ўқитишни такомиллаштириш, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг академик мобиллигини ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш, биргаликда халқаро грантлар ва илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш масалалари муҳокама қилиниб, келгуси вазифалар белгилаб олинди.
Учрашувдан сўнг меҳмонлар институтда ташкил этилган “Корея бурчаги”, шунингдек, Ажиниёз музейи билан танишди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири