Кўпнинг дуоси билан ютуқларга эришган йигит
Ижодий ва интеллектуал салоҳияти ва ижтимоий ҳаётда эришган муҳим натижалари билан турли соҳаларда юртимиз равнақи, иқтисодиётини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган, тенгдошларига ўрнак ва намуна бўлиб келаётган фаол ёшлар Президент фармонига кўра, орден ва медаллар билан тақдирланган эди.
Ёшлар куни муносабати билан мукофотлар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.
Уларнинг орасида Жиззах вилояти Мирзачўл туманидаги “Ипак йўли” қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи оддий, камсуқум, камгап, аммо қўл урган ишини охирига етказмаса қўймайдиган Комилжон Ҳатиев ҳам бор эди.
Туманда ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш, ишсиз, доимий даромад манбаига эга бўлмаган ёшлар бандлигини таъминлаш масалаларига ҳар қачонгидан ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 27 январь куни Президентимиз раислигида “Ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари” муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар асосида жорий йил февраль ойидан буён 1 минг 884 нафар ёшга 597 гектар ер майдони ажратиб берилиб, шулардан “Ёшлар дафтари”даги ёшлар учун 458 та иш ўрни яратилди.
“Ёшлар дафтари”га киритилиб, ер берилганлар орасида Мирзачўл тумани “Ипак йўли” қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи шароити оғир бўлган ака-ука Собир ҳамда Мурод Норбековлар ҳам бор эди.
Уларнинг акаси Комилжон Ҳатиев эса жуда интилувчан ва тиришқоқ ёшлардан бўлиб, пешона тери, ҳалол меҳнат нонини еб катта бўлган. Улар биргаликда хорижда ишлаш фикридан қайтиб, ёшларга яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланишга қарор қилди ва ака-укалар биргаликда далага бор меҳрини, қалб қўрини бериб иш бошлади.
Комилжон Ҳатиев 3 нафар фарзандни вояга етказиш билан бирга укаларини, ёнгиналарида деҳқончилик қилаётган “Ёшлар дафтари”даги 18 нафар ҳамқишлиғини меҳнатга жалб қилиб, уларга деҳқончиликнинг сиру синоатларини ўргатди, моддий қийналиб қолган ёшлар даласида ҳашар уюштирди.
Ака-укаларнинг отаси Жовли ака Ҳатиев бир неча йилдан буён тўшакка михланиб қолган, I гуруҳ ногирони. Оиланинг тўнғич ўғли Комилжон эса тақдирнинг мана шу қийинчиликлари, зарбаларини қўрқмасдан ўз гарданига олиб, ҳам ётиб қолган отасига қарайди, ҳам дала ишларига улгуради, тиним билмайди. Уддабуронлиги, меҳнатсеварлиги, меҳрибонлиги билан ота-онаси, қўни-қўшнилари, кексаларнинг дуосини олади. Кўпнинг дуоси эса кўкартиради, деганларидек Комилжон Ҳатиев Президентимизнинг фармонига кўра “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
– 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Президендимизнинг фармонига мувофиқ “Шуҳрат” медали билан тақдирланганимни эшитганимда, аввал бутунлай бошқа мени исми-шарифимга ўхшаш кимдир бор эканда, деб ўйлабман, – дейди Комилжон Ҳатиев. – Мукофотни олган ўзим эканимни билгач, ўзимни еттинчи осмонда ҳис қилдим. Мен таниқли бўлмасам ҳам у ерда кўпчилик табриклади. Ҳаяжоним ортди. На гапира оламан, на интервью бера оламан. Наҳотки, мендай бир ёш йигитнинг озгина меҳнатини шунчалик қадрлаб, эътироф этиб, муносиб кўрган бўлса, мени ҳеч ким танимайдику, дейман ўзимга-ўзим. Ўшанда қалбимда кечган туйғуларимни таърифлаб бера олмайман. Миннатдорлик, шукроналик, шу юрт фарзанди эканлигимдан ғурур, фахр ва энг муҳими олдимга қўйган янада катта-катта мақсадлар кўз ўнгимдан ўтди. Ўзимга ўхшаган ёшларга ёрдам беришга, янада белни маҳкам боғлаб, ишга киришишга, Янги Ўзбекистонимнинг равнақига ўзимнинг муносиб ҳиссамни қўшишга ҳаракат қиламан. Бу ютуқ бутун Ўзбекистон, вилоятимиз ва туманимиз ёшларининг ютуғи деб биламан. “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси доирасида мен каби қишлоғимиз ёшларига ерга эгалик сертификати билан “Қуёшли водий” фермер хўжалигидаги унумдор ерлардан 1 гектаргача экин майдони ажратиб берилди. Бу эътибор, бу имконият биз ёшларга жуда катта кўмак, бўлди. Келажакда ўз йўлимизни топиб кетишимиз учун бу имконият деб ўйлайман.
Айни пайтда, Комилжон Ҳатиев укалари билан биргаликда улар учун ажратилган ерга тарвуз эккан. Деҳқончилик билан шуғулланмоқда. Бир қараганда деҳқончилик осон туюлади. Жараёнга кириб борган инсон унинг меҳнатидан ташқари, ўз вақтида агротехник тадбирларни тўғри олиб бориши, экин экиш йўл-йўриғини билиши, ўз вақтида ўғитлаб, суғориши билан боғлиқ мураккабликларга бевосита гувоҳ бўлади. Бу ишнинг ҳар қанча ҳадисини олган киши ҳам қийинчиликларга дуч келиши табиий.
– Далада ишлаётганимизда, биз, ёшларнинг ҳолидан хабар олгани Президент маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев келиб қолди, қилган ишларимизни кўздан кечирди, кўнгиллари ёришиб қувониб кетди, биздан ўғит масаласида, техника масаласида нима ёрдам деб сўради, – дейди Комилждон Ҳатиев. – Мен, “биз, ёшларга шунчалик шароитлар яратилаяпти, имкониятлар берилди, яна нимадир сўрасак уят бўлади. Ишласак, меҳнат қилсак, бундан ҳам яхши бўлишига кўзимиз етиб турибди”, дедим. Шунда 61 нафар ёшнинг ҳар бирига алоҳида эътибор берилишини айтишган эди. Айни пайтда экинларимизнинг ҳолати яхши, ҳар бир деҳқоннинг тадбири бўлади, бу ердан 50-60 миллион сўм даромад олишни кўзлаб турибмиз.
Дарҳақиқат, бугун юртимизда жорий этилган “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар” каби рўйхатдагиларга эътиборнинг ўзиёқ, одамларга умид, келажакка ишонч уйғотмоқда. Юртимизда ҳеч бир инсон эътибордан четда эмаслиги, барча фуқароларнинг яхши яшаши, иш билан таъминланиши учун шароитлар яратилаётгани ислоҳотларнинг ёрқин самарасидир. Бугун энг чекка қишлоқларда ҳам раҳбарлар ҳар бир хонадонга кириб, одамларнинг, айниқса, ёшларнинг аҳволини сўрайдиган, муаммоларига ечимини топишга ҳаракат қилаётгани қувонарли, албатта. Буни кўриб улғаяётган ёш авлод меҳр-оқибат, инсонийлик, меҳнатсеварлик туйғулари асосида улғайиши, шубҳасиз.
Хуршида Шербекова,
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи
Мирзачўл туман кенгаши раиси.
ЎзА