Кўплаб ҳайвон турлари йўқолиб бормоқда
4 октябрь - Жаҳон ҳайвонларни муҳофаза қилиш куни
Ҳар куни ер юзидан жониворларнинг 3 тадан тури йўқолиб кетмоқда. Нега?
Бунинг сабаблари турлича. Яъни, табиатда ҳар бир тирик жон, ҳар бир ўсимликнинг ўз ўрни, вазифаси бор. Афсуски, ноқонуний ов қилиш, яшаш жойларини йўқотиши, иқлим ўзгариши, табиатнинг ифлосланиши каби омиллар сабаб кўплаб жониворларнинг турлари изсиз йўқолмоқда.
Халқаро Ёввойи табиатни ҳимоя қилиш жамғармаси маълумотларига кўра, ҳар куни ер юзидан жониворларнинг 3 тадан тури йўқолиб кетмоқда. Сўнгги чорак аср давомида сайёрамизнинг биологик хилма-хиллиги 30 фоизга қисқарган.
Шу сабаб Ўзбекистон Экологик партияси нафақат ноқонуний ов қилиш, балки жуда арзон нархга рухсатнома олиб, ноёб турдаги жониворларнинг кескин камайиб кетишига сабаб бўлувчи ҳолатларни қоралаб, бунга жиддий эътибор қаратишни сўрамоқда.
Шу билан бирга, мамлакатимизда мавжуд ҳайвонот боғлари биохилма-хиллигини асраб-авайлаш, жонзотлар сонини барқарор сақлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда ҳайвонот боғлари сони 7 та бўлиб, уларнинг умумий майдони қарийб 50 гектарга тенг. Бу масканларда минглаб турли хилдаги жонзотлар сақланади.
Жорий йилнинг 1 январь ҳолатига ҳайвонот боғларида жами 720 хил турдаги 19 минг 332 та ҳайвон мавжуд. Ҳайвонот боғларидаги ҳайвонлар таркибининг асосий қисми балиқлар ва паррандалар ҳиссасига тўғри келади.
Жумладан, балиқлар сони 9 минг 600 та, паррандалар 2 минг 383 та, сут эмизувчилар 611 та, судралиб юрувчилар 453 та, сувда ва қуруқликда яшовчилар 63 та, бошқа турдаги ҳайвонлар эса 6 минг 222 тани ташкил этади.
Бу кўрсаткичлар ҳайвонот боғлари фақат ҳордиқ чиқариш жойи эмас, балки биохилма-хилликни сақлашда муҳим ўрин тутаётганини кўрсатади. Шу билан бирга, улар мамлакатда ҳайвонот оламига оид илмий тадқиқотлар учун ҳам кенг имконият яратади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳар биримиз аввало ўз атрофимиздаги жонзотларга меҳр билан муносабатда бўлсак, нафақат табиат, балки ҳаётимиз ҳам гўзал бўлади.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА