Кўп қаватли уйларда шароитлар янада яхшиланмоқда
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида кўп қаватли уйларда энергия самарадорлигини ошириш, замонавий иссиқлик таъминоти тизимларини жорий этиш ҳамда уй-жой фондини янгилаш масалаларига бағишланган пресс-тур ташкил этилди. Унда республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ҳамда турли соҳа мутахассислари иштирок этишди.
Тадбир доирасида иштирокчилар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг ўринбосари Озода Жўраева ҳамроҳлигида Гулистон шаҳрининг “Бўстон” ва “Буюк келажак” маҳаллаларида жойлашган, 90 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатаётган “Истиқлол коммунал хизмат таъмир” бошқарув-сервис компанияси ҳамда шу маҳаллада Эрон технологияси асосида қурилиб, фойдаланишга топширилган РК-1 ва РК-2 қозонхоналари фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Мазкур марказлашган иссиқлик таъминоти объектлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2023 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида барпо этилган бўлиб, улар орқали 52 та кўп қаватли уйдаги 2 409 та хонадон мунтазам равишда иссиқлик энергияси билан таъминланмоқда.
Лойиҳани амалга ошириш учун Республика бюджети ҳисобидан 22,5 миллиард сўм маблағ ажратилган. Қозонхоналар замонавий, энергия тежовчи ускуналар билан жиҳозланган. Улар орқали йилига 3,5 миллион куб метр табиий газ ва 12,8 миллион кВт/соат электр энергияси тежалиши таъминланади.

– Кўриб турганингиздек, Сирдарё вилоятида давлатимиз раҳбарининг ташаббус ва раҳнамолиги остида кенг кўламдаги қурилиш, реконструкция ва модернизация ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Бу фақатгина кўчмас мулк объектларининг техник ҳолатини яхшилаш эмас, балки аҳоли учун қулай, хавфсиз ва муносиб турмуш шароитини яратишга қаратилган кенг қамровли ислоҳотларидир.
Ҳар бир лойиҳа марказида инсон манфаати турибди – яъни фуқароларимизга муносиб яшаш шароити яратиш, ҳаёт сифатини ошириш ва уларнинг кундалик эҳтиёжларини таъминлаш устувор мақсад қилиб белгиланган. Бу каби ўзгаришлар нафақат шаҳар инфратузилмасининг замонавийлашувига, балки халқимиз турмуш даражасининг юксалишига ҳам кучли туртки бермоқда, – деди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг ўринбосари Озода Жўраева.

Пресс-тур доирасида иштирокчилар кўп қаватли уйларнинг фасад қисмларини энергия тежовчи замонавий материаллар билан изоляция қилиш, уй-жой инфратузилмасини яхшилаш ва ободонлаштириш йўналишида олиб борилаётган амалий ишлар билан ҳам танишдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сирдарё вилоятида инфратузилмани ривожлантиришга доир қарори асосида ҳудудда 215 та кўп қаватли уйни қамраб олган махсус манзилли рўйхат шакллантирилган. Ушбу дастур доирасида уйларнинг том ва фасад қисмларини таъмирлаш, иссиқлик таъминотини яхшилаш, муҳандислик коммуникация тармоқларини яхшилаш ва атроф-муҳитни ободонлаштириш ишлари режалаштирилган.

Айни пайтда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг кредит маблағлари ҳисобидан Гулистон шаҳридаги 122 та кўп қаватли уйнинг фасад қисмлари базальт асосидаги энергия тежовчи изоляцион материаллар билан қопланмоқда.
Ушбу ишлар натижасида кўп қаватли уйлар нафақат эстетик жиҳатдан янгиланмоқда, балки уларнинг энергия самарадорлиги ҳам оширилиб, аҳоли учун қулай ва барқарор турмуш шароити яратиляпти.
Айни пайтда мазкур маҳаллаларда қурилиш-пудрат ташкилотлари томонидан таъмирлаш ишлари жадал суръатларда амалга оширилмоқда. Бунёдкорлик ишларига малакали мутахассислар жалб этилган бўлиб, белгиланган муддатларда сифатли ва самарали ишларни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Амалга оширилаётган бунёдкорлик ва таъмирлаш ишлари маҳаллий аҳоли томонидан катта мамнуният ва миннатдорлик билан қарши олинмоқда. Айниқса, кўп йиллар давомида ечилмай келаётган инфратузилма муаммоларининг бартараф этилаётгани фуқаролар учун муҳим аҳамият касб этмоқда.
“Бўстон” маҳалласининг кўп йиллик фаоли, меҳнат фахрийси Гулчеҳра Пардаева бу борада шундай фикр билдирди:
– Баъзи уйларимизга 40–50 йил бўлган. Илгари ёмғир ёқса, томдан сув оқарди, ёз фаслида эса уй ичида ўтиришнинг иложи бўлмасди. Иситиш тизими ҳам деярли ишламасди. Бугун эса Президентимизнинг ташаббуслари туфайли томларимиз янгиланди, фасадлар базальт материаллар билан қопланди. Уйларимиз нафақат чиройли кўринишга эга бўлди, балки қишда совуқдан, ёзда иссиқдан ҳимоя қилинадиган мустаҳкам бинога айланди. Ҳозирда доимий иссиқ сув ҳам бор. Биз кексалар учун бу каби шароитлар жуда катта қулайликдир. Бундан жуда хурсандмиз.
– Кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиш сифати яхшилангани сабабли одамлар бизнинг компанияга ишонч билан мурожаат қилмоқда, – дейди “Истиқлол коммунал хизмат таъмир” бошқарув-сервис компанияси раиси Замира Зулфиқорова.– Бугунги кунда етарлича ишчи кучи ва замонавий техник базамиз мавжуд. Шунингдек, 24 соатлик диспетчерлик хизмати фаолият юритмоқда. Бу орқали ҳар қандай муаммога тез ва аниқ жавоб қайтариш имконимиз бор. Маҳаллий аҳолининг розилиги ва мамнунлиги бизнинг фаолиятимизга берилган энг катта баҳодир.
Маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаро Муҳаммаджон Абдурасулов эса ўз фикрини шундай ифода этди:
– Бундан ўн беш йил аввал уйларимизнинг ертўласи оқава сув билан тўларди. Пашша ва чивинлардан тинчлик бўлмасди. Бугун эса ертўлалар қуритилди, санитария ҳолати анча яхшиланди. Энди аҳоли ҳаётида ҳақиқий ўзгаришлар кузатилмоқда. Гулистондаги ислоҳотлар натижаси ҳар бир хонадонда ўз таъсирини кўрсатмоқда.
Умуман олганда, Сирдарё вилоятида олиб борилаётган бу каби кенг кўламли ислоҳотлар нафақат уй-жойларни яхшилаш, балки фуқароларнинг кундалик турмушини енгиллаштириш, улар учун қулай, хавфсиз ва муносиб яшаш муҳитини яратишга хизмат қилмоқда.
Пресс-тур жараёнида иштирокчилар нафақат Сирдарё вилоятида, балки Республика миқёсида ҳам Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга қаратилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ҳамда коммунал хизматлар сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлишди.
Шунингдек, улар қурилиш, таъмирлаш, инфратузилмани модернизация қилиш, энергия самарадорлигини ошириш ва аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар билан жойларда танишиб, айрим масалалар юзасидан ўз фикр ва таклифларини ҳам билдиришди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири